Таълим | 09:58 / 10.04.2026
2235
1 дақиқада ўқилади

Президент соврини учун янги танлов ўтказилади

Ҳукумат қарори билан “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тасдиқланди.

Низомга кўра, 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида мазкур танлов Президент соврини учун ўтказилади.

Қайд этилишича, Касбий таълим агентлиги томонидан ҳар йили 1 мартга қадар электрон платформа орқали иштирокчилар рўйхатдан ўтказилади.

Танлов 3 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда маҳаллалардан ҳар бир касб бўйича 3 нафардан номзод иштирок этади. Иккинчи босқичда эса техникум ўқувчилари ҳамда биринчи босқич ғолиблари қатнашади. Учинчи босқичда иккинчи босқичда юқори натижа кўрсатган иштирокчилар беллашади.

Танлов техникумлар, корхона ва ташкилотлар, IT-парклар ҳамда махсус полигонларда ўтказилиши белгиланган.

Ғолиблар БҲМга нисбатан ҳисобланадиган бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Шунингдек, 3-босқич ғолибларига WorldSkills халқаро чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид