Жаҳон | 17:52
1592
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Украина ўртасида «пасха сулҳи» эълон қилинди

Россия ва Украина православларнинг Пасха байрами муносабати билан вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон берди. Сулҳ 32 соат давом этади.

Фото: Getty Images

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Пасха байрами муносабати билан Украинадаги урушда сулҳ эълон қилди.

Кремл сайти хабарида яқинлашиб келаётган Пасха байрами муносабати билан 2026 йил 11 апрел куни соат 16:00 дан 12 апрел куни якунига қадар сулҳ эълон қилиниши маълум қилинган.

Россия ҳарбийларига ушбу даврда барча йўналишларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган. Шу билан бирга, қўшинлар «душманнинг эҳтимолий провокациялари, шунингдек, унинг ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларини тўхтатиш»га шай ҳолатда туриши кераклиги қайд этилган.

Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Украина қуролли кучлари Пасха байрамида ўт очишни тўхтатишини маълум қилди.

«Украина бир неча бор икки томондан ташланадиган қадамларга тайёрлигини билдирган. Бу йил биз Пасха байрами вақтида ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган эдик ва шунга мувофиқ ҳаракат қиламиз. Одамларга таҳдидларсиз Пасха ва тинчлик сари ҳақиқий ҳаракат керак», – деб ёзди у ўз телеграм каналида.

У Россияда Пасхадан кейин ҳам зарбалар беришга қайтмаслик учун имконият борлигини қўшимча қилган.

Путин 2025 йил Пасха байрамида бир томонлама тартибда ҳарбий ҳаракатлар бир ярим кунга тўхтатилганини эълон қилганди. Ўшанда можаро томонлари бир-бирини кўплаб қоидабузарликларда айблашган, шу билан бирга, ҳарбий ҳаракатлар жадаллиги сезиларли даражада пасайганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид