Спорт | 11:39
4738
5 дақиқада ўқилади

Суперлига. «Нефтчи» тўхтатилди, Қўқонда можароли пенальти ва ҳакамликдан норози ПФЛ

Ўзбекистон Суперлигасида 6-тур ўйинлари ўтказилди. «Нефтчи» «Пахтакор»га ютқазди ва пешқадамликдан айрилди. «Қўқон-1912» - «Насаф» ўйини можароли тарзда якунланди. ПФЛ «Андижон» - «Навбаҳор» ўйинидаги ҳакамликдан норози бўлди.

Фото: FC Nasaf

7-9 апрель кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 6-тур ўйинлари ўтказилди.

НЕФТЧИ 0:1 ПАХТАКОР

Гол: Достон Ҳамдамов, 22 (0:1)

Турнинг марказий ўйини Фарғонада ўтказилди ва энг кўп мухлис йиғди – 18756 нафар. Шу вақтгача очко йўқотмай келаётган «Нефтчи» яқин таъқибчиларидан бири «Пахтакор»ни қабул қилди. Норасмий тарзда «Ўзбек класикоси» деб номланадиган баҳсда тошкентликлар ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Натижада «Нефтчи» жадвалдаги пешқадамликни «Пахтакор»га «топширди».

БУХОРО 2:0 ҚИЗИЛҚУМ

Голлар: Жавоҳир Рўзиев, 20 (1:0), Владимир Родич, 59 (2:0)

«Бухоро» ўз майдонида «Қизилқум»ни ишончли тарзда мағлуб этди ва жадвалда учинчи ўринга кўтарилди. Мезбонлар рақиб дарвозасига жавобсиз иккита тўп киритди.

ДИНАМО 2:1 СЎҒДИЁНА

Голлар: Ислом Қобилов, 62 (0:1), Анвар Ҳожимирзаев, 76 (1:1), Фирдавс Абдураҳмонов, 78 (1:2)

Кутилмаганда аутсайдерлар қаторига тушиб қолган «Динамо» ва «Сўғдиёна» баҳси қизиқарли кечди. Жиззах клуби ҳисобни очиб, биринчи ғалабасини қозонишга яқин эди. Аммо «Динамо» икки дақиқада иккита гол билан ўйинда бурилиш ясади. Бу ғалабадан кейин «Динамо» 10-ўринга кўтарилди. «Сўғдиёна» ҳамон жадвал тубида бормоқда.

ОКМК 1:1 СУРХОН

Голлар: Нодирбек Абдураззоқов, 3 (1:0), Стефен Чинеду, 90+5 (1:1)

ОКМК ва «Сурхон» ўйинида олмалиқликлар ғалабага жуда яқин эди. Улар дастлабки дақиқалардаёқ ҳисобни очди. Аммо термизликлар ҳужумчиси Чинеду сўнгги сонияларда қайчи услубида чиройли гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

ҚЎҚОН-1912 1:1 НАСАФ

Голлар: Бобур Абдухолиқов, 55 (0:1), Тома Табатадзе 88, пен (1:1)

Турнинг можароли ўйини Қўқонда ўтказилди. «Насаф» 55-дақиқада ҳисобни очиб, ғалабага яқин эди. Бироқ, 88-дақиқада бош ҳакам Рустам Лутфуллин меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилади. Бундан норози бўлган «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳакамга эътироз билдира бошлади ва майдондан четлатилди. Шундан сўнг, у жамоасини майдондан олиб чиқиб кетишга уринди. Аммо ўйин давом эттирилди ва «Қўқон-1912» пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди. Баҳсдан кейин Футбол ҳакамлари маркази Рустам Лутфуллин томонидан белгиланган пенальти нотўғри бўлганини эълон қилди.

АНДИЖОН 0:1 НАВБАҲОР

Гол: Гиорги Жгереная, 90+6 (0:1)

«Андижон» ва «Навбаҳор» ўртасидаги ўйин асабий ва жуда кескин курашларга бой тарзда ўтди. Баҳс футболчиларнинг қўполликлари ва орани очиқ қилишга мунтазам уринишлари туфайли бир неча бор тўхтатилди. Ўйин тақдирини сўнгги сонияларда «Навбаҳор» томонидан урилган гол ҳал қилди – Жгенерая бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага жойлади. Баҳсдан кейин ПФЛ ҳакамликка эътироз билдирди ва бош ҳакам Наим Қосимовни «бошқарувни йўқотганликда» ва техник зонадан бир неча марта чиқиб кетган «Андижон» бош мураббийи Самвел Бабаянни кескинроқ жазоламаганликда айблади.

МАШЪАЛ 0:1 БУНЁДКОР

Гол: Матия Кривокапич, 90 пен (0:1)

Четлатиш: Ҳумоюн Муртазоев, 67 (Машъал)

«Машъал» ўз майдонида «Бунёдкор»дан очко олишга яқин эди. Аммо ҳимоячининг ўз жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнаши муборакликларга қимматга тушди. Бу натижадан сўнг, «Машъал» ҳамон чемпионатда очко ололмаган ягона клуб бўлиб қолмоқда. «Бунёдкор» эса 4-ўринга кўтарилди. Бу ўйин энг кам мухлис тўплади – 489 нафар.

ЛОКОМОТИВ 1:1 ХОРАЗМ

Голлар: Янис Лери, 67 (0:1), Темурхўжа Абдухолиқов, 81 (1:1)

Жадвал ўртасида ёнма-ён кетаётган клублар муроса кўчасини «танлади». Гарчи ҳар иккала клубда бир неча яхши имкониятлар бўлишига қарамай, ўйин дуранг ҳисобда якунланди.

Суперлига, 7-тур

12 апрель

НАВБАҲОР – СУРХОН

ДИНАМО – ЛОКОМОТИВ

АНДИЖОН – ОКМК

13 апрель

НАСАФ – БУХОРО

ПАХТАКОР – МАШЪАЛ

ҚИЗИЛҚУМ – СЎҒДИЁНА

14 апрель

ХОРАЗМ – ҚЎҚОН-1912

БУНЁДКОР – НЕФТЧИ

6-турдан кейин Суперлига жадвали

Тўпурарлар

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид