Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Космосдан тарихий кузатув: цунами пайдо бўлиши илк бор муҳрланди
Ўтган йилнинг июл ойида Россиядаги Камчатка яримороли соҳиллари яқинида ер қобиғи ёрилди. Тинч океани сувлари тубида, бир тектоник плита иккинчисининг остига кириб борадиган субдукция зонасида ўнлаб йиллар давомида тўпланган кучланиш бир неча сония ичида бўшади. Ана шу ёриқ — магнитудаси 8,8 бўлган кучли зилзила — денгиз тубини ва унинг устидаги сув қатламини силжитиб, цунамига сабаб бўлди.
Фото: AP
Улкан тўлқин бутун Тинч океани бўйлаб тарқалиб, очиқ денгизда самолёт тезлигида ҳаракат қилди, кейин эса соҳилларга ёпирилиб, айрим жойларда 17 метрдан ортиқ баландликка етди.
Олимлар бу ҳодисалар занжири қандай кечишини анчадан бери тушуниб келади. Бироқ зилзила ва ундан кейинги цунами айнан қаерда ва қандай бошланишини — яъни субдукция зоналаридаги чуқур океан зовурларида бу жараён қандай ривожланишини батафсил кузатиш ҳозиргача жуда қийин бўлиб келган. Бу ҳудудлар яқинида цунамини кузатиш учун етарли датчиклар йўқлиги сабаб, воқеанинг аниқ манзарасини олиш мушкул эди.
Маълум бўлишича, бу муаммонинг ечими — сунъий йўлдошлар. Тадқиқотчилар энди фақат цунамини аниқлашга мўлжалланган махсус тизимларга таяниб қолмай, мавжуд сунъий йўлдош миссияларидан ҳам янги мақсадларда фойдаланмоқда. NASA ва Франция космик агентлиги томонидан жаҳон сув сатҳи ва океан оқимларини ўрганиш учун яратилган SWOT (Surface Water and Ocean Topography) сунъий йўлдоши кутилмаганда цунами ҳақидаги фан учун ҳам кучли восита бўлиб чиқди.
Калифорния штати университетининг Сан-Диего бўлимида фаолият юритувчи Игнасио Сепулведа бошчилигидаги олимлар гуруҳи Камчаткадаги цунамини кузатиш учун SWOT сунъий йўлдошидан фойдаланди. Уларнинг иши цунамигенез — яъни цунамининг туғилиш жараёни ҳақида ғоятда аниқ тасаввур бериш имконини яратди. Сунъий йўлдош маълумотлари туфайли тадқиқотчилар бундай экстремал океан ҳодисаларини янада аниқроқ моделлаштириши ва эҳтимол келажакда яхшироқ башорат қилиши мумкин бўлади.
Зилзиладан атиги 70 дақиқа ўтгач, сунъий йўлдош Тинч океани устидан, эпицентрдан тахминан 600 километр масофада учиб ўтди. У юқори аниқликда нафақат цунамининг олдинги асосий тўлқинини, балки унинг ортидан келган майдароқ тўлқинлар занжирини ҳам қайд этди.
Аммо 2025 йилги воқеани моделлаштиришга уриниш пайтида тадқиқотчилар муаммога дуч келди. Энг оддий ва кенг қўлланадиган узун тўлқинли моделдан фойдаланилганда, у сунъий йўлдош кузатган барча хусусиятларни қайта тиклай олмади.
Бунинг сабаби дисперсион тўлқинлар — айнан ўша “думсимон” тебранишлар экани маълум бўлди. Узун тўлқинли модел уларни ҳисобга олмайди, чунки мавжуд кузатув воситалари ёрдамида бундай тўлқинларни қайд этиш қийин.
Цунамини анъанавий мониторинг қилиш тизимлари асосан DART (Deep-ocean Assessment and Reporting of Tsunamis) буйларига таянади, улар денгиз тубидаги босим ўзгаришларини ўлчайди. Бу датчиклар огоҳлантириш тизимлари учун жуда муҳим бўлса-да, уларнинг имконияти чекланган: маълумот фақат алоҳида нуқталардан олинади ва тўлқиннинг тўлиқ тузилмасини кўриш имкони бўлмайди.
SWOT сунъий йўлдоши эса, аксинча, океан юзасининг кенг икки ўлчамли манзарасини тақдим этади. У тўлқинлар йўналиши, улар орасидаги масофа ва эгрилигини сантиметрлар даражасидаги аниқлик билан қайд этади. Бу тадқиқотчиларга мутлақо янги даражадаги маълумотни беради: энди цунамининг ҳам асосий тўлқинини, ҳам унинг ортидан келувчи тўлқинларни батафсил тавсифлаш мумкин.
Шуни англаган тадқиқотчилар жамоаси янада мураккаброқ модел — Буссинеск туридаги моделга ўтди ва у сунъий йўлдош кузатувларини тўғри қайта тиклаш имконини берди. Мана шу кенгроқ ёндашув туфайли олимлар муҳим кашфиёт қилди: дисперсион тўлқинлар цунамининг қаерда туғилгани ҳақида ахборот ташийди.
Натижада улар цунамигенез ҳудудини чуқур океан зовуридан тахминан 10 километр аниқликда белгилашга муваффақ бўлди. Бундай даражадаги батафсил “яқинлашиш” илк бор тарихда амалга ошди.
Бу натижалар цунами ҳақидаги фан учун бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Илк бор олимлар очиқ океандаги цунами тузилмасини уни келтириб чиқарган зилзила параметрлари билан боғлайдиган тўғридан тўғри, юқори деталлаштирилган икки ўлчамли кузатувларга эга бўлди.
Узоқ муддатли истиқболда бу моделларни сезиларли даражада яхшилаш имконини беради: тадқиқотчилар океан зовурлари яқинида кечадиган жараёнларни анча яхшироқ тушуна бошлайди. Айнан шу ҳудудларда энг хавфли цунами юзага келади.
Моделларни, айниқса, шу каби етиб бориш қийин бўлган зоналар бўйича такомиллаштириш прогнозлар аниқлигини оширишга ёрдам беради: тўлқин баландлиги, унинг етиб келиш вақти ва соҳилга урилиш кучини яхшироқ башорат қилиш мумкин бўлади. Мавжуд мониторинг тизимлари билан бирга олиб қаралганда эса, бу тезроқ огоҳлантиришлар, самаралироқ эвакуация ва пировардида, кейинги йирик цунами юз берганда кўпроқ инсон ҳаётини сақлаб қолиш деганидир.
Мавзуга оид
21:09 / 08.12.2025
Япония шимолида жорий йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди
13:05 / 19.09.2025
Камчатка яқинида янги кучли зилзила: цунами хавфи бекор қилинди
14:30 / 05.08.2025
Камчаткадаги цунами атом сувости кемалари базасидаги пирсга зарар етказди
17:11 / 30.07.2025