30 июл, чоршанбага ўтар кечаси Россиянинг Узоқ Шарқ соҳиллари яқинида Рихтер шкаласи бўйича 8 балли зилзила содир бўлди. Россия Фанлар академияси Геофизика хизматининг Камчатка бўлими маълумотларига кўра, бу 1952 йилдан бери энг кучлиси бўлган. АҚШ Геология хизмати уни 8,8 баллга баҳоламоқда. Унга кўра, зилзила Камчатканинг шарқий қирғоғидан тахминан 136 километр узоқликда, 19,3 километр чуқурликда содир бўлган.

Зилзиладан кейин кўтарилган тўлқинлар натижасида Россиянинг Северо-Курилск шаҳридаги порт қисман сув остида қолди, деб хабар берган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Камчаткада зилзила оқибатида ўлка марказидаги болалар боғчаси фасадининг бир қисми қулаб тушди – жабрланганлар йўқ. Камчатка ўлкаси фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Лебедев Петропавловск-Камчатскийга цунами таҳдиди йўқлигини маълум қилган.

Япония

Япония, АҚШ, Канада ва Тинч океани билан чегарадош бошқа мамлакатларда цунами хавфи эълон қилинди.
Фото: YUICHI YAMAZAKI/AFP via Getty Images

Камчатка қирғоқлари яқинида рўй берган зилзиладан сўнг дарҳол Японияда цунами хавфи эълон қилинди. Расмийлар Тинч океани соҳилидаги 220 дан ортиқ муниципалитетда 2 миллионга яқин одам эвакуация қилинишини эълон қилди.

Фукусимадаги атом электр станцияси ходимлари эвакуация қилинди. Оператор-компания вакилларининг сўзларига кўра, станция фаолиятида ҳеч қандай бузилиш қайд этилмаган. 2011 йилда АЭСда йирик авария содир бўлганди, бунинг сабаби айнан кучли зилзила ва ундан кейинги цунами эди.

Тахминан 30 см баландликдаги биринчи тўлқинлар Ҳоккайдо ороли шимоли-шарқидаги порт шаҳри Немурога ёпирилди.

Токионинг Ҳаруми қирғоқ ҳудудида баландлиги 20 см бўлган тўлқинлар қайд этилди.

Метеорологлар огоҳлантиришича, тўлқинлар 3-4 метргача етиши мумкин, аммо ҳозирча энг баланд тўлқинлар 1,3 метрдан ошмайди.

«Биз цунами тўлқинлари камида бир сутка давомида баланд бўлиб қолишини кутяпмиз», – деди Япония метеорология агентлиги вакили.

Мамлакат расмийлари эвакуация қилинган аҳоли кун охиригача ўз уйларига қайта олмаслиги мумкинлигини билдирган.