Жамият | 12:24
4561
3 дақиқада ўқилади

“Гапира олмаса ҳам бахтлиман” – матонатлилар оиласи ҳақида ҳикоя

Рўзихон Ҳайдарова II гуруҳ ногирони, у оиласи билан Олтиариқ туманининг Зилол маҳалласида яшайди. Турмуш ўртоғи Ғуломжон Ҳайдаров гапира олмайди. Икки ўғил ва неварасининг ҳам ногиронлиги бор. “Отам ҳам гапирмасди. Бир-биримизни имо-ишоралар билан тушунардик. Яратган менга олийжаноб жуфти ҳалол берди. Гапира олмаса ҳам жуда бахтлиман”, – дейди Рўзихон опа.

Уч ўғил, бир қизнинг онаси бўлган Рўзихон опа қуёшдан аввал уйғонади. Ғуломжон ака билан бирга иссиқхонадаги экинларни парваришлаб, чорваси хашак, товуқларига дон беради. Бодринг, помидор, қалампир кўчатларини бозорга олиб бориб сотиб келади. Деҳқон опанинг айтишича, иссиқхонада иш қишнинг чилласидан бошланган. Март ойигача опа кўчат сотиб 30 млн сўмдан ортиқ даромад қилган.

“Отам ҳам гапира олмас эди. Турмуш ўртоғимнинг тили йўқ, лекин олийжаноб инсон, ҳаётимиз яхши, соғломлардан кўра яхши яшаймиз. Ўзим ҳам II гуруҳ ногирониман.

Уч ўғил, бир қизнинг онасиман. Икки ўғлим, бир неварам ногирон. Лекин уларни ногирон демайман. Невараларимнинг гапини эшитсангиз фахрланиб кетасиз-да, имо билан гаплашамиз.

Одамлар “хўжайинингиз билан қандай танишгансиз, тилсиз одам билан қандай яшаяпсиз?", деб савол беришади. 35 йилдан бери имо-ишоралар бир-биримизни тушуниб яшаяпмиз.

Деҳқончиликни йиғиштириб, пул жамғариб аввал ўғлимга, кейин эса турмуш ўртоғимга скутер олиб бердим. Шундай хурсанд бўлдиларки, невараларимни солиб маҳаллада айлантириб юрибди, боғчага олиб боради.

Деҳқончиликларим ҳам жуда зўр, гап бўлиши мумкин эмас, январдан бошланган деҳқончилик. Иссиқхонамиз бўш турмасин деб укроп, кашнич, саримсоқ пиёз, жамбил, карам экиб қўйганмиз. Бундан аввал қиши билан кўкатларгача сотдик. Экиш учун жой қолмади ҳисоб. Қани энди бошқа ерим бўлса яна экинлар эксам.

Январдан кўчат чиқаришни бошлаганман. Ҳозиргача мана тўрт марта ҳосил олишга улгурдим. 40 мингта кўчат чиқардим. 30 миллиондан ошиқлик кўчат сотдим. Яна сотиладиган кўчатларим ҳали турибди.

Тўртта молим бор эди, иккитасини сотиб тўйларга ишлатдим. Энди ҳозир яна мол олишга ҳаракат қиляпман. Яна мол олмоқчиман, қийналган пайтимда сотиб фойдаланаман.

Мол уйнинг қассоби, дейишади. Чорва боқишни яхши кўраман. Чорвасиз тирикчилигим ўтмайди. 50 та товуғим ҳам бор. Уйимдан тухум аримайди. Товуқларим қишин-ёзин тухум туғишдан тўхтамайди.

Зилол маҳалласи ҳоким ёрдамчиси ҳовлимизга келиб шароитни ўрганиб иссиқхона қуриб берган эди. Унга дарров кўчатлар экдимда, сотиб иссиқхона қарзини узвордим”, – дейди Рўзихон опа Ҳайдарова.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид