Жаҳон | 16:46
4520
5 дақиқада ўқилади

CNN: Хитой Эронга қурол-яроғ етказиб беришга тайёрланмоқда

АҚШ разведкаси маълумотлари – Хитой яқин ҳафталарда Эронга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб беришга тайёрланаётганини кўрсатмоқда. Хитойнинг ушбу кўчма зенит-ракеталари АҚШ қирувчиларига катта хавф туғдиради.

Фото: Хитойнинг HY-6 кўчма зенит-ракета тизими

Разведка маълумотлари – Эрон икки ҳафталик сулҳдан хорижий ҳамкорлари кўмагида қурол-яроғ тизимларини тўлдириш имконияти сифатида фойдаланаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. CNN нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, Пекин ҳарбий юкларнинг ҳақиқий келиб чиқишини яшириш учун уларни учинчи давлатлар орқали юбориш устида ишлаётганига оид белгилар мавжуд.

Пекин Эронга топширишга тайёрланаётган кўчма зенит-ракета мажмуалари – MANPADS (Man-portable air-defense system) номи билан танилган, елкага ортиб отиладиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидир. Айнан шу ракеталар 6 ҳафталик уруш давомида АҚШ ҳарбий самолётларининг паст баландликда учишига асимметрик хавф туғдирганди.

Нашрнинг ёзишича, олдинроқ Трамп ўтган ҳафта Эрон осмонида уриб туширилган F-15 қирувчи самолёти «елкадан учириладиган қўлда бошқариладиган ракета, иссиқликни қидирувчи (термик) ракета» билан урилганини айтганди. Теҳрон эса самолётни уриб тушириш учун «янги» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан фойдаланганини билдирган, аммо батафсил маълумот бермаганди. Мазкур тизим Хитойда ишлаб чиқарилгани ёки йўқлиги номаълум.
 

Кичик ракетанинг қисмлари

Эронга MANPADs етказиб бериш АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошлаганидан буён Хитойнинг Теҳронни қўллаб-қувватлашидаги янги босқич (эскалация) бўлади.

Бундан ташқари, манбалар – Хитой компаниялари эронликларга қурол ясашни давом эттириш ва навигация тизимларини такомиллаштириш имконини берувчи санкция остидаги икки мақсадли технологияларни сотишда давом этмоқда. Аммо Хитой ҳукуматининг қурол-яроғ тизимларини бевосита топшириши ёрдамнинг мутлақо янги даражасини англатади.

Хитой нега ёрдам беряпти?

Разведка маълумотларидан хабардор манбалардан бирининг айтишича, Хитой можарога очиқдан очиқ аралашишда ва Эронни ҳимоя қилишда ҳақиқий стратегик қиймат кўрмаяпти. Чунки улар «бундай урушда ғалаба қозониб бўлмаслигини» билади. Бунинг ўрнига Пекин ўзини – нефтига қаттиқ боғланиб қолган Эроннинг доимий дўсти сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга ташқи томондан нейтрал бўлиб қолиш орқали уруш тугаганидан кейин ўз айбини инкор этиш имкониятини сақлаб қолмоқчи.

Одатда хитойликлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳужумкор эмас, балки мудофаа характерига эга эканини иддао қилишади. Шу тариқа ўз ёрдамларини Россиянинг ёрдамидан фарқлашлари мумкин. Аввалроқ Россия уруш давомида Эронга разведка маълумотлари билан ёрдам бериб келгани айтилганди. Бу ёрдам Эронга Яқин Шарқдаги АҚШ қўшинлари ва объектларини нишонга олишда ёрдам берган.
 

Хитой раиси Си Жинпинг Эрон президенти Масъуд Пизишкиённи қабул қилмоқда — 2025 йил 2 сентябр. / Фото: Xinhua

Таъкидлаш жоизки, Эрон узоқ вақтдан бери Хитой билан ҳам, Россия билан ҳам мустаҳкам ҳарбий ва иқтисодий алоқаларга эга. Эрон Россияга Украинадаги урушида «Shahed» дронларини етказиб бериш орқали кенг кўламда ёрдам берган. Хитойга ўзининг санкция остидаги нефтининг катта қисмини сотиб келади.

Трамп ва расмий Пекиннинг муносабати

Шанба куни CNN мухбири АҚШ президенти Доналд Трампдан ушбу масала бўйича муносабат сўради. Трамп агар Пекин Теҳронга қурол юборса, бунинг оқибатлари бўлишини айтди.

«Агар Хитой буни қилса, Хитойда катта муаммолар бўлади, тушунарлими?» деди у Оқ уйни тарк этаётиб. Лекин у Си билан гаплашгани ёки йўқлигига ойдинлик киритмади.

Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси вакили эса «Хитой ҳеч қачон можаронинг бирор томонига қурол етказиб бермагани ҳамда кўриб чиқилаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини» билдирди.

«Масъулиятли йирик давлат сифатида Хитой ўзининг халқаро мажбуриятларини изчил бажариб келмоқда. Биз АҚШ томонини асоссиз айбловлардан, ғаразли равишда боғлиқликлар келтириб чиқаришдан ва шов-шув кўтаришдан тийилишга чақирамиз; умид қиламизки, тегишли томонлар кескинликни пасайтиришга ёрдам бериш учун кўпроқ ҳаракат қилади», дейилади элчихона нашрга берган изоҳида.

Расмий Пекин шу ҳафта бошида Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушни тўхтатган мўрт сулҳ битимига воситачилик қилишда ёрдам берганини айтганди.

Шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трамп май ой бошида Хитой етакчиси Си Жинпинг билан музокаралар ўтказиш учун Хитойга ташриф буюриши режалаштирилган. Оқ уй шу ҳафта бошида АҚШ ва Хитой ўртасида юқори даражадаги мулоқотлар бўлиб ўтганини маълум қилган. Бу ташриф Яқин Шарқдаги уруш кўламига қараб кечиктирилиши ҳам мумкин. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид