Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ислом цивилизацияси маркази Гиннесс рекордлар китобига киритилди
У «Энг йирик ислом цивилизацияси музейи» номинацияси бўйича эътироф этилгани таъкидланмоқда.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази «Энг йирик ислом цивилизацияси музейи» номинацияси бўйича расман Гиннесс рекордлар китобига киритилди, деб хабар берди «Дунё». Бу ҳақдаги сертификат ташкилот вакили Шейда Субаши томонидан тантанали равишда топширилди.
Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида жойлашган ушбу марказ улуғвор меъморий кўрсаткичлари билан ажралиб туради: ҳудуд майдони — 10 гектар, бинонинг узунлиги — 161 метр, кенглиги — 118 метр, гумбазнинг баландлиги — 65 метр, хоналарнинг умумий майдони эса қарийб 50 минг квадрат метрни ташкил этади. Таъкидланишича, айнан шу хусусиятлар жаҳон рекордига асос бўлган.
Ислом цивилизацияси маркази президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 17 март куни очилган эди. Марказ майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади.