Спорт | 14:08
2891
7 дақиқада ўқилади

«Сити» «Челси»ни йирик ҳисобда енгди

Шеркининг иккита «сеҳрли» паси «шаҳарликлар» ғалабасини таъминлади ва жамоа «Арсенал» билан орадаги фарқни қисқартирди. Бир ҳафтадан кейин АПЛда баҳорнинг асосий учрашуви бўлиб ўтади.

Фото: Marc Atkins/Getty Images

«Челси» – «Манчестер Сити» 0:3
Голлар:
О`Райли, 51 (0:1). Гейи, 57 (0:2). Доку, 68 (0:3)
«Челси»: Санчес, Хато, Фофана, Кукуреля, Гюсто (Ачимпонг, 88), Сантос (Лавиа, 67), Кайседо (Эссугу, 82), Палмер, Педру Нету, Эстевао (Гарначо, 67), Жоао Педро (Делап, 81)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов, О`Райли (Аит Нури, 64), Матеус Нунес, Родри, Бернарду Силва (Ковачич, 81), Шерки (Савио, 76), Доку (Фоден, 76), Семенё, Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Эстевао, 12. Кукуреля, 54. Эссугу, 90 – Семенё, 38

«Агар бугун „Стемфорд Бриж“да ғалаба қозона олмасак, „Арсенал“ билан ўйин олдидан матбуот анжумани ўтказмаса ҳам бўлади, чунки ҳаммаси тугайди. Буни ҳамма билади. Сен буни биласан, мен буни биламан, ўйинчилар буни билишади, буни Англияда ҳамма билади. Биз қолган барча ўйинларда ғалаба қозонишимиз керак. Ҳеч қандай дуранг қониқтирмайди, йўқ, буни унутинг. Бундай „Арсенал“га қарши тўққиз очко кўп. Аммо „Челси“ни, кейин эса „Арсенал“ни енгсак, ҳеч бўлмаса иллюза билан яшасак бўлади. Буни синаб кўриш истаги бор», – деди Гвардиола «Челси»га қарши ўйиндан олдинги матбуот анжуманида.

Турнир жадвалида бу жамоалар ўзаро рақобатчи эмас, аммо ўзаро баҳсдаги ғалаба мавсум охиридаги пойгага таъсир қилиши аниқ эди.

«Манчестер Сити» учун бу «Арсенал»га яқинлашиб олиш учун имкон эди – «шаҳарликлар» бир ҳафтадан кейин турнир жадвали пешқадамига қарши ўйин ўтказади. «Канонирлар» эса бу турда кутилмаганда уйда «Борнмут»га ютқазиб қўйди ва чемпионлик пойгасида интригани жонлантирди.

Турнир жадвалида жамоаларнинг ўйини кейинги тур натижасидан кейин ҳам ўзгармайди, аммо Пеп тўғри айтганди – бу турдаги мағлубият амалда чемпионлик пойгаси тугаганини англатарди. Қолаверса, «Сити» март ойида Англия лигаси кубоги финалида «Арсенал» устидан ғалаба қозонган, кейинроқ Англия кубоги чоракфиналида «Ливерпул»ни йирик ҳисобда тор-мор этганди. Аммо жамоада АПЛнинг охирги турларида кўп дуранг ўйнаб юборганди ва вазиятини қийинлаштириб қўйганди.

«Челси»нинг ҳам ўз дардлари бор. Улардан энг асосийси – кейинги мавсумда Чемпионлар лигасида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш. Бунинг учун эса камида «Ливерпул»ни қувиб ўтиш талаб этилади. Лекин Росениор Мадрид яшаш учун ажойиб шаҳар эканини айтиб интервю берган Энцо Фернандесни икки ўйинга четлатганди. Қолаверса, лондонликларнинг «Манчестер Сити»га қарши ўйинлардаги статистикаси ҳам ачинарли эди: кўклар ушбу жамоага қарши ўйинларда охирги бор беш йил муқаддам, 2021 йил майида ЕЧЛ финалида ғалаба қозонганди.

Ўйиннинг стартида шундай таассурот ҳосил бўлдики, ҳар икки жамоа ҳам майдонга ғалабага интилишдан кўра ютқазмасликка эътибор қаратди. Тўп рақибдан олиб қўйилган ҳолатларда футболчилар олдинга боришга шошилишмади ва хавфсиз ўйнашга қарор қилишди. Табиийки, бундай форматда хавфли вазиятлар ҳам яратилмади.

«Челси» бир неча бор «Сити» мудофаасидаги хатолардан фойдаланишга уринди. Биринчи ҳолатда Палмер майдон маркази орқали юриш қилиб, Нету билан девор услубида ўйнади ва кучли зарба берди – тўп дарвоза тўрига ташқи томондан тегди. Кукуреля эса Ҳусановнинг хатосидан кейин дарвозани ишғол қилганди, аммо гол кичик офсайд ҳолати туфайли бекор қилинди. Яна бир ҳужумда эса Нетунинг зарбаси дарвоза соҳасига тўғри борди, аммо бу Доннарумма учун қийинчилик туғдирмади. Умуман олганда, биринчи бўлимда «Сити» ҳимоясининг ўнг қанотида муаммолар яққол кўзга ташланди – Матеус Нунес жуда юқорига чиқиб ўйнади ва Силва доим ҳам қайтишга улгурмади.

Меҳмонларда ҳужум чизиғининг ҳам ишлари юришмади. Шерки ва Бернарду зарбдор позицияларга чиқиб боришди, аммо икки ҳолатда ҳам тўп Санчеснинг ўзига борди. Рақиблар иккинчи бўлимга куч тежаётгандек ҳаракат қилишди. Бундай ўйинлар одатда биринчи голгача зерикарли кечади.

Гол эса иккинчи бўлим бошидаёқ урилди. Райан Шерки ўнг қанотдан жарима майдони марказига узатма берди, у ерда Нико О'Райли рақиб футболчисидан илдамроқ ҳаракат қилиб, бош билан дарвозани ишғол этди.

Беш дақиқа ўтиб француз яримҳимоячиси яна бир бор ўзини кўрсатди. У бурчак зарбасидан кейин тўпни исталганча олиб юрди ва дарвозабон майдонига яқин жойда бўш турган Гейини голли пас билан таъминлади. «Челси» ўтказилган голдан ўзига келишга улгурмади ва дарвозаси тўридан иккинчи бор тўп олиб чиқди.

Росениор алмаштиришлар орқали реакция қилишга уринди ва мезбонлар тўлиқ куч билан олдинга ташланишди. Аммо «Сити» футболчиларида энди ўзига бўлган ишонч ҳаддан ташқари ошиб кетганди ва ҳисоб йирик кўринишга келтирилди. Доку рақиб жарима майдони яқинида босим уюштириб, тўпни Кайседодан олиб қўйди ва ўзи Санчеснинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди – 3:0.

Қолган дақиқалар қуруқ расмиятчиликка айланди. Ҳусанов тўртинчи голни уриши мумкин эди, аммо унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди.

3:0 – «Манчестер Сити» «Арсенал» билан орадаги фарқни 6 очкога қисқартирди ва АПЛда баҳорнинг асосий ўйинига тайёргарлик кўришни бошлади. «Челси» мухлислари эса ўйин якунини кутмасдан трибуналарни тарк этишди. Жамоанинг ЕЧЛ йўлланмаси учун курашдаги имкониятлари пасайишда давом этмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид