Жаҳон | 07:47
6429
2 дақиқада ўқилади

Дунё харитасидаги энг улкан маъмурий ҳудудлар

Айрим давлатларнинг минтақалари ва қарам ҳудудлари ҳажми жиҳатидан нисбатан катта ва аҳолиси кўп мамлакатлар билан таққослаш мумкин. Янги инфографикага дунёдаги энг йирик ҳудудий бирликлар киритилган.

Фото: Getty Images

Вилоятлар, автоном ҳудудлар, ўлкалар, штатлар — буларнинг барчаси мамлакатларнинг маъмурий-ҳудудий бирликларидир. Улар тарихий, географик, иқтисодий ва этник омилларни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

Дунёдаги энг катта ҳудудий бирлик Россияда жойлашган — Саха Республикаси (Ёқутистон). Унинг майдони 3,08 миллион квадрат километрдан ошади. Бу кўрсаткич аҳоли сони бўйича дунёда биринчи ўринда турадиган мамлакат — Ҳиндистон майдонига яқин (қарийб 3,3 миллион квадрат километр).

Иккинчи ўринни Ғарбий Австралия эгаллаган, унинг майдони 2,6 миллион квадрат километрдан зиёд. Таққослаш учун, Қозоғистон майдони тахминан 2,7 миллион квадрат километрни ташкил қилади. Учликни Россиянинг Красноярск ўлкаси якунлайди — 2,3 миллион квадрат километр.

Гренландия дунёда майдони бўйича энг йирик оролдир. Ушбу рейтингда Даниянинг 2,1 миллион квадрат километрдан ортиқ ҳудудни эгаллаган автоном ҳудуди тўртинчи ўринни олган.

Канада дунё мамлакатлари орасида майдони бўйича иккинчи ўринда туради. Унинг маъмурий-ҳудудий бирликларидан Нунавут рейтингнинг бешинчи поғонасидан жой олган. Унинг ортидан яна Австралиянинг Квинсленд ҳудуди келади. Аляска (АҚШ) еттинчи ўринни эгаллаган. Рейтингдан Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони ҳам ўрин олган.

Шунингдек, дунёдаги энг йирик 12 та маъмурий ҳудуд қаторига Амазонас (Бразилия), Квебек (Канада), Австралиянинг Шимолий ҳудуди ва Канаданинг Шимолий-Ғарбий ҳудудлари ҳам кирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид