Жаҳон | 23:32 / 16.04.2026
1871
9 дақиқада ўқилади

Болаларни ўлдирган болалар. Туркия мактабларидаги қонли отишмалар тафсилоти

14 апрель куни Туркия жанубидаги лицейда юз берган отишмада камида 16 киши жароҳатланди. Эртаси куни Қаҳрамонмарашдаги бошқа мактабда 8 синф ўқувчиси камида 9 кишини отиб ўлдирди.

Қаҳрамонмарашдаги отишма бўлган ўрта мактаб / Фото: Getty Images

Туркия полицияси шу ҳафтада содир бўлган икки мактабдаги мудҳиш отишма ҳақида интернетда мунозарали контент жойлаштирган 100 дан ортиқ шахсларни ҳибсга олди. Полициянинг маълум қилишича, улар «жамоат тартибига салбий таъсир кўрсатувчи фаолият билан шуғулланганиш ва постлар жойлашда» айбланган.

Хусусан, ҳужумлардан кейин интернетдаги хатти-ҳаракатлар бўйича ҳукумат хавотирлари ортидан 95 нафар шахс ҳибсга олинган.

Туркия Адлия вазири Акин Гурлекнинг маълум қилишича, улар эфирга узатиш тақиқланганига қарамай, ҳужумга оид кадрларни тарқатиш, ваҳима уйғотиши мумкин бўлган контентни улашишда айбланмоқда. Шунингдек, уларга ҳуқуқбузарликка ундаш, нотўғри маълумотларни тарқатиш айбловлари ҳам қўйилган.

BBC нашрининг ёзишича, яна 67 киши бошқа мактабларда ҳам ҳужумлар амалга оширилишига ишора қилувчи постларни улашгани учун ҳибсга олинган. Вазирга кўра, ушбу қотилликлар ортидан ижтимоий тармоқлардаги 1100дан ортиқ профил ва ҳисобларга чеклов қўйилган.

Қаҳрамонмарашдаги ҳужум олдиндан режалаштирган

Туркияни ларзага солган қотиллик 15 апрел куни Қаҳрамонмараш ҳудудидаги Айсер Чалик ўрта мактабида содир бўлди. 14 ёшли ўқувчи камида тўққиз кишини, жумладан, саккиз нафар мактабдошини ва бир ўқитувчини отиб ўлдирди. Шунингдек 13 киши яраланган, уларнинг олти нафари оғир аҳволда.

Фото: Reuters

Қаҳрамонмараш губернатори Мукеррем Унлуэрнинг айтишича, отишмани содир этган шахс тўполон вақтида ўзини отиб ўлдирган.

«Саккизинчи синф ўқувчиси сумкасида 5 та қурол ва 7 та ўқдон (магазин) билан келган. Бизнингча, улар унинг собиқ полициячи бўлган отасига тегишли. У бешинчи синф ўқувчилари бўлган иккита синфга кириб, ҳеч кимни ажратмасдан ўлим ва жароҳатларга сабаб бўлган», дея губернаторнинг сўзларини келтирди Reuters нашри.

Тармоқларда тарқалган кадрларда мактаб ҳудудида ўқ овозлари эшитилаётгани, шу вақтда бир неча ўқувчилар деразадан сакраб қочаётгани кўринади. Мактабдаги видеокузатув камераларида эса ҳужумчи йўлакдаги икки ўқувчини отиб ташлагани акс этган. Қуролли ҳужумчи кирган бешинчи синф ўқувчилари 10-11 ёшда бўлган.

Кейинроқ, маҳаллий прокуратура гумонланувчи ҳужумни олдиндан режалаштирганини маълум қилди. «Рақамли материалларни текшириш давомида гумонланувчининг компьютеридан 2026 йил 11 апрель санаси билан қайд этилган, у яқин келажакда йирик операция ўтказиш ниятида эканлигини кўрсатувчи ҳужум топилди», дейилади баёнотда.

Полиция маълумотларига кўра, гумонланувчи ўзининг WhatsApp профилидаги суратида америкалик оммавий қотил Эллиот Роджерга ишора қилган. Роджер 2014 йилда Калифорнияда ўз жонига қасд қилишдан олдин олти кишини ўлдирган эди.

Туркия ички ишлар вазири Мустафа Чифтчи ушбу фожиани «ўқувчиларимиздан бири амалга оширилган хусусий ҳужум ҳолати бўлиб, у террорчилик ҳодисаси эмас», деди.

Ҳужумчининг ота-онаси кўрсатма берди

Хавфсизлик бош бошқармасининг маълум қилишича, пайшанба куни ҳужумчининг отаси ва онаси ҳам ҳибсга олинган. Ўғли томонидан фойдаланилган тўппонча ва ўқ-дорилар ўзига тегишли эканини айтган ота, унинг етти дона рухсат этилган ўқотар қуроли ва иккита ов милтиғи бўлганини маълум қилди. BBC Турк хизмати дастлабки тергов тафсилотларини келтирди.

Отанинг таъкидлашича, у ушбу қурол ва ўқ-дориларни алоҳида қулфланган қутиларда сақлаган. Бироқ ҳужум куни ўғли улардан бештасини олиб кетган. У ўғли уларни қандай очганини ёки улардан фойдаланишни қандай ўрганганини билмаслигини айтди.

Турк ОАВларида Қаҳрамонмарашдаги 14 ёшли ҳужумчи экани айтилаётган йигитнинг расми тарқалмоқда

Тергов доирасида кўрсатма берган ота ўғлининг интернетни жуда яхши тушуниши, «ўзининг шахсий VPN'идан» фойдаланиши ва жуда ақлли эканини таъкидлаган. «Ўғлимда ўсмирларга хос одатий стресс ва имтиҳонлар билан боғлиқ муаммолар бор эди», деди у.

Ҳужумчи онасининг айтишича, бошқа психологлар ўғлида «жамиятга мослашишда муаммолар юзага келиши мумкинлиги ва назорат талаб этилишини» айтган.

Отанинг айтишича, унинг ўғли сўнгги пайтларда психологга боришни хоҳламай қўйган. Бироқ бир ой олдин унда қуролга нисбатан қизиқиш ортган. Шундан кейин у ўғлини полиция ўқ отиш полигонига бориб, ўз қуролидан отишга рухсат берган.

Шунингдек, унинг онаси ўғли интерактив ўйинлар ўйнашини, уларга ҳеч нарсани кўрсатишни хоҳламаслигини, инглиз тилида гаплашишини ва у нима дейилаётганини тушунмаганини айтган.

Сиверекдаги ҳужум

16 киши жароҳатланган бошқа бир ҳужум – 14 апрель куни Сиверек туманидаги Аҳмет Кўюнчу номли касб-ҳунар ва техника лицейида юз берган. Вилоят губернатори Ҳасан Шилдакнинг сўзларига кўра, ўсмир ёшидаги ҳужумчи ов милтиғидан «ҳеч кимни ажратмасдан ўт очган». Полиция томонидан қуршовга олинганидан» сўнг ҳужумчи ушбу қурол билан ўзини ўлдирган.

Сиверекдаги ҳужум кузатув камераларига тушиб қолган

Расмийларга кўра, бу мактабда жароҳатланганлар орасида 10 нафар ўқувчи, тўрт нафар ўқитувчи, ошхона ходими ва бир нафар полиция ходими бор.

Ушбу ҳужум сабаблари ҳам ҳозирча маълум эмас, тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳужумчининг судланганлик ҳолати бўлмаган ва полиция мактабни хавфсиз деб ҳисоблаган.

BBCнинг маҳаллий ОАВларга таяниб ёзишича, ҳужумчи яқинда мактабнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «бир неча кундан кейин» ҳужум бўлиши билан таҳдид қилинган постлар қолдирган.

Video: https://x.com/i/status/2044035155900109058

Гувоҳлардан бири шундай деди: «У тахминан 17-18 ёшлардаги бола эди. Тўсатдан мактабнинг олд дарвозасидан кириб келди. Кириши билан қуролини чиқарди ва дарҳол ўт оча бошлади. Кейин мактаб биносига югуриб кирди ва қаршисидан чиққан ҳар бир кишини ота бошлади».

Жароҳатланган ўқувчилардан бири Ўмер Фурканнинг айтишича, қуролланган шахс камида иккита синфга, жумладан унинг синфига ҳам кирган.

«Аввал ўзимизни ерга ташладик, икки киши деразадан сакраб қочди. У бизга ҳеч нарса демади, шунчаки ичкарига кирди-ю, ўт оча бошлади», деди у.

Фото: Reuters

Шанлиурфа губернаторлиги маъмурияти баёнотига кўра, ҳодисани тергов қилиш учун Ички ишлар вазирлиги ва Миллий таълим вазирлигидан инспекторлар юборилган.

«Терговнинг тегишли тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида» туман полицияси бошлиғи ва туман миллий таълим бошқармасининг икки нафар ходими ўз лавозимидан четлатилган.

Қурбонлар ва қурол билан боғлиқ ҳолат

Пайшанба куни бўлиб ёш қурбонларнинг дафн маросимларида минглаб одамлар тўпланди. BBCнинг ёзишича, қурбонлардан бири — 10 ёшли Зайнеп бўлган. «Энди у фаришта, у учиб кетди», дейди қизчанинг яқинлари нашрга берган изоҳида. Улар ҳужумдан сўнг мактабларда ҳимоя чораларини кучайтиришни хоҳлашмоқда.

Яна бир қурбон ҳам 10 ёшли қизалоқ – Шура. Унинг холаси жияни ҳалок бўлганини янгиликларда унинг исми ўқилганда билганини айтди.

Фото: BBC

Туркияда қурол тўғрисидаги қонунлар қаттиқ бўлиб, фақат 21 ёшдан ошган ва лицензияга эга шахсларга қуролга эгалик қилишга рухсат берилади. Бироқ, мамлакатда қуроллар кенг тарқалган: кўплаб хавфсизлик ходимларига қурол олиб юриш ва унга эгалик қилишга рухсат берилган. Шу билан бирга, Туркияда мактаб отишмалари жуда кам учрайдиган ҳолат.

Журналистларнинг ушбу ҳафтадаги отишмалардан сўнг расмийлар бирон-бир чора кўрадими, дея ички ишлар вазири Мустафа Чифтчига савол берди. У тафсилотларга тўхталмасдан: «Биз зарурий эҳтиёт чораларини кўрамиз», деди. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид