Ўзбекистон | 19:23
5315
4 дақиқада ўқилади

Президент Синдоровга «Меҳнат шуҳрати» орденини шахсан топширди

Жавоҳир Синдоров шарафига тантанали маросим бўлиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқаро шахмат федерациясининг Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдоровни шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Президент маросимда сўзга чиқиб, Жавоҳир Синдоровни мазкур тарихий зафар билан яна бир бор самимий қутлади. Бу бутун халқимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг ғалабаси эканини таъкидлади.

«Албатта, ҳеч бир натижа ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг замирида узоқ йиллик тинимсиз меҳнат, болаликдан орттирилган тажриба,  қатъий ирода, темир интизом, ва, албатта, устоз ва мураббийларнинг сабоғи, ота-она, бобо ва бувижонларнинг дуоси мужассам. Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай ўзбек ўғлонини тарбиялаб, вояга етказган бобонг ва бувингга, ота-онанга, устоз ва мураббийларингга яна бир бор ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман», - деди давлат раҳбари.

Жавоҳир Синдоров турнир давомида шахмат тахтаси устида ўзбек халқига хос бўлган мустаҳкам ирода, ўзига ишонч, чуқур тафаккур ва сабр-бардошни намоён этгани қайд этилган. Айниқса, Ҳиндистон, АҚШ, Хитой, Нидерландия, Германия ва Россия вакиллари бўлган супер гроссмейстерларга қарши босиқлик ва мардонаворлик билан кураш олиб боргани алоҳида эътироф этилган.

«Давлат раҳбари Жавоҳир Синдоровнинг бу юксак ютуғи мамлакатимизда спортга, жумладан, шахматни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг амалий самараси эканини таъкидлади. Бугун Янги Ўзбекистонда ана шундай ғолиб, мард ва матонатли ёшлар камол топаётгани барчамизга чексиз фахр-ифтихор бағишлайди. Шу маънода, бугун FIDE рейтингидаги энг кучли беш шахматчидан икки нафари ўзбек ўғлони экани миллий шахмат мактабимизнинг салоҳияти ва нуфузи тобора юксалаётганидан далолат беради. Буларнинг барчаси минглаб истеъдодли ёшларимиз, умидли шахматчиларимиз учун катта мотиавция бўлиши таъкидланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Маросимда Жавоҳир Синдоров олдида турган навбатдаги юксак марралар ҳақида ҳам сўз юритилди. Унинг жаҳон шахмат тожи учун бўладиган ҳал қилувчи беллашувда муносиб иштирок этишига, ўзбек шахмат мактабининг салоҳияти ва шон-шуҳратини яна бир бор бутун дунёга намоён этишига ишонч билдирилди. Шунингдек, бу йил сентябр ойида Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам халқимиз ғалаба кутаётгани таъкидланди.

Тадбирда мамлакатимизда шахматни кенг оммалаштириш, айниқса, ёшлар ўртасида ушбу спорт турини тарғиб этиш, навқирон авлод қалбида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш борасидаги катта хизматлари, шунингдек, Кипрда ўтказилган FIDE Номзодлар турнирида рекорд натижалар кўрсатиб, муддатидан олдин ғолибликни қўлга киритгани учун Жавоҳир Синдоров «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлангани тўғрисидаги Президент фармони ўқиб эшиттирилди.

Давлат раҳбари ушбу юксак мукофотни тантанали равишда топширди.

Гроссмейстер ёшларга, спорт ривожига қаратилаётган доимий эътибор ва яратилаётган кенг шароитлар, кўрсатилган юксак ишонч ҳамда эътироф учун президентга чуқур миннатдорлик билдирди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид