Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ҳўрмуз бўғозида НАТО ёрдамидан воз кечди
АҚШ президенти НАТОнинг Ҳўрмуз бўғози бўйича ёрдам таклифини рад этганини маълум қилди ва альянсни яна “қоғоздаги йўлбарс” деб атади. «Мен уларга узоқроқ туришни айтдим», — деб ёзди Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
Фото: AP
АҚШ президенти Дональд Трамп НАТО бўйича ҳамкорларнинг Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият юзасидан ёрдам таклифини рад этди.
«Ҳўрмуз бўғозидаги вазият барқарорлашганидан кейин, менга НАТОдан қўнғироқ бўлди ва улар бизга ёрдам керакми, деб сўради. Мен уларга, агар кемага фақат нефть юклашни истамаса, узоқроқ туришини айтдим. Улар керак бўлган пайтда фойдасиз эди — қоғоздаги йўлбарслар!» — деб ёзди Трамп 17 апрель, жума куни Truth Social ижтимоий тармоғида.
Франция ва Буюк Британия Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови эркинлигини таъминлаш бўйича кўп миллатли миссияга «шароит имкон бериши биланоқ» бошчилик қилади. Бу ҳақда 17 апрель куни Парижда ўтказилган, денгиз йўлагининг хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция якунлари бўйича Франция президенти Эммануэль Макрон ва Британия бош вазири Кир Стармер маълум қилди.
«Бу миссия мутлақо тинч ва мудофаа хусусиятига эга бўлади ҳамда тижорий кемачилик хавфсизлигини таъминлаш ва минасизлантириш ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади», — деди Стармер Елисей саройида ўтказилган қўшма матбуот анжуманида. Унинг сўзларига кўра, «аллақачон ўндан ортиқ давлат ўз ёрдамини таклиф қилган».
Ҳўрмуз бўғозидаги операцияда иштирок этишга тайёрлигини Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам билдирган. Шу билан бирга, Германия ҳукумати раҳбарининг айтишича, қўшинларни жойлаштириш учун Яқин Шарқдаги уруш тугаши ва ишончли ҳуқуқий асос, масалан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси бўлиши шарт. Бундан ташқари, ушбу миссияда АҚШ иштирок этиши ҳам «мақсадга мувофиқ», деб қўшимча қилди у.
Парижда Яқин Шарқ бўйича конференция давом этаётган бир пайтда, Дональд Трамп ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Ливанда ўт очишни тўхтатиш даврида Ҳўрмуз бўғозининг тижорий кемалар учун очилганини эълон қилди. Шу билан бирга, Трамп Теҳрон билан келишув тузилмагунча, Эрон портларига қарши Америка блокадаси давом этишини билдирди.
Бундан бир кун олдин Дональд Трамп Исроил ва Ливан 17 апрель ярим тундан бошлаб 10 кунлик ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилган эди. Бироқ жума куни эрталаб Ливан армияси Исроилни сулҳ режимига риоя қилмасликда айблади, Исроил расмийлари эса “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий операция давом этаётганини билдирди.
Мавзуга оид
22:12 / 17.04.2026
Трамп Ҳўрмуз бўғози очилганига қарамай, Эрон портлари блокадаси сақланиб қолишини айтди
19:30 / 17.04.2026
АҚШнинг Ҳўрмуз блокадаси иш берадими? Трампнинг мақсади нима?
18:23 / 17.04.2026
Эрон Ҳўрмуз бўғозини барча савдо кемалари учун очганини эълон қилди
10:10 / 16.04.2026