Спорт | 23:03 / 19.04.2026
1051
2 дақиқада ўқилади

«Бавария» муддатидан олдин Германия чемпионлигини қўлга киритди

«Штутгарт» устидан 4:2 ҳисобида қозонилган ғалаба «Бавария»га чемпионликни олиб келди. Жамоа рақиблар дарвозасига тўп киритиш бўйича ҳам ўзининг иккита рекордини янгилади.

Фото: Gettyimages

Мюнхенликлар 30-турда «Штутгарт» устидан 4:2 ҳисобида ғалабага эришди. Учрашувнинг 21-дақиқасида Фюрих ҳисобни очиб меҳмонларни олдинга олиб чиққан бўлса, Геррейру (31), Жексон (33), Дэвис (37) ва Кейннинг (52) голлари ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Сўнгги дақиқаларда Андрес (88) гол уриб, фарқни қисқартирди.

Ушбу учрашувдан сўнг «Бавария» ҳисобидаги очколар сони 79тага етди. Ундан кейинги ўринда бораётган «Боруссия» ҳисобида 64 очко бор. «Боруссия» 18 апрел куни “Ҳоффенҳайм”дан учралган мағлубиятдан сўнг (2:1) чемпионлик пойгасидан чиқди.

Шу тариқа «Бавария» 35-бор Бундеслига чемпионига айланди. Жамоа ўтган йили ҳам чемпионликни муддатидан олдин қўлга киритганди.

Яна бир эътиборли томони, «Бавария» Бундеслигада ушбу мавсумда 109та гол киритган ва 29та гол ўтказиб юборган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар орасидаги фарқ (80) тўпланган очколар сонидан кўпроқ.

Бундан ташқари, жамоа 12 апрел куни Бундеслигадаги 105-голини киритиб, Германия чемпионатининг бир мавсумида гол уриш бўйича 54 йил аввал ўзи ўрнатган рекордни (101та гол) янгилаганди.

Шунингдек, «Бавария»ўзининг яна бир рекордини янгилади – бир мавсумда барча турнирларда 161та гол киритишга эришди. Венсан Компани шогирдлари рақиблари дарвозасига Бундеслигада 108та, Чемпионлар лигасида 38та, Германия кубогида 12та ва Германия суперкубогида 2 гол киритди. Жамоа 2018/2020 йилги мавсумда 159та гол уришга эришганди. Германия чемпионати тугашига яна 4 тур борлиги ва Чемпионлар лигасидаги иштирокини давом эттираётгани ҳисобга олинса, бу рекорд яна янгиланиши мумкин.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид