Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Урушда «туннел охири кўринди» – ҳафта дайжести
Ҳафта давомида Эронда урушни тугатиш бўйича ҳал қилувчи музокаралар ўтказилди. Трампнинг айтишича, «Теҳрон деярли ҳамма шартларга рози бўлган». Зеленский Украинанинг янги қуролларини кўрсатди, Исроил Ливан билан келишди. Қуйида ҳафтанинг муҳим воқеаларини эслаймиз.
Эрон таслимми?
Ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Америка ва Эрон ўртасидаги музокаралар бўлди. Покистон армияси бошлиғи фелдмаршал Асим Мунир Эронга Вашингтон ва Теҳрон музокараларидаги воситачи сифатида борди. Жуда обрўли бу қўмондоннинг ташрифидан кейин музокараларда силжиш кузатилди. Трамп Эрон у қўйган «деярли барча шартларга розилиги, уруш тез орада тугашини» айтди. Шунингдек, воситачилик учун араб давлатлари, Покистон бош вазири ва фелдмаршал Асим Мунирга алоҳида миннатдорлик билдирди. Хусусан, Асим Мунирни «фантастик инсон» деб атади.
Трампнинг баёнотларида айтилаётган гаплар рост бўлса, бу амалда Эрон таслим бўлганини англатади. Трампга кўра, Теҳрон ярим тоннага яқин бойитилган уранни АҚШга топширишга, ядро қуроли даъвосидан воз кечишга рози бўлибди. «Эрон ядро қуролига эга бўлмасликка рози бўлди. Улар бизга ядровий чангни топширишга кўнди», деб ёзди Трамп.
Уруш нега бошланди ўзи? Америка Эрон ядро қуролига эга бўлиш арафасида деб ҳисоблагани учун. Америка нега ҳужум қилди? Эрон ядро дастуридан воз кечмагани учун. Агар Эрон Америка билан музокараларда ядро қуролига эга бўлмасликка розилигини билдирган бўлса, демак бу Теҳрон таслим бўлди дегани. Чунки Эрон Исроил ва Америка билан охирги йилларда айнан шу даъво сабаб урушиб келаётганди. Лекин ўша гап, агар Трамп рост гапираётган бўлса.
Қизиғи, Трамп Эрон билан ҳеч қандай ядровий келишув бўлиши ҳақида ҳам гапиргани йўқ. Обама даврида Америка ва Эрон ядровий келишув имзолаган, унга кўра, Эрон уранни бойитишни тўхтатганди. Лекин Трамп ўша келишувни бузган. Энди Эрон ҳеч қандай келишув, ҳеч қандай битимсиз йиллар давомида махфий бойитилган уранни бизга топширишга рози деяпти. Балки Эрон ўзида бор уран миқдорини яшира олгандир, балки чиндан таслим бўлаётгандир, буни бир неча йилдан кейин билиб оламиз. Лекин ҳозир Трамп айтаётган гаплар рост бўлиб чиқса, бу амалда оқ байроқ кўтариш дегани.
Сукут намойиши
Ҳафта давомида Францияда ҳуқуқ тизими вакиллари янги ислоҳотдан норози бўлиб ноодатий жимлик намойиши ўтказишди. Янги қонун лойиҳасига кўра, судялар гумондор айбини бўйнига олса, иш бўйича бирдан ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга бўлади. Адвокатлар, ҳуқуқ фаоллари эса бундай ҳолатда судланувчи ўзини тўлиқ ҳимоя қилолмайди, демоқда.
Бутун мамлакат бўйлаб «ўлик қонунчилик» акциялари ўтказилди. Бир гуруҳ адвокатлар суд биносига оғзи боғланган кўйи бориб, ҳукумат қарорига норозилик билдиришди.
Украин қуроллари
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат инженерлари ишлаб чиқараётган қуролларни кўрсатди. 56 хил қуролнинг 7 хили ракета, хусусан, олис масофадаги нишонни урадиган ракета, 31 хили турли функциядаги дронлар. Шунингдек, Зеленский зирҳли машиналар, масофадан бошқариладиган робот қуроллар, ҳаво ҳужумидан мудофаа қуролларини намойиш қилди. Энг кучли қурол шубҳасиз «Фламинго» ракетаси. Бу қурол 3 минг кмгача нишонларни ура олади.
Бу кўргазма нимани ифодалайди дейсизми? СССРнинг зах босган қуроллари билан урушга кириб, шаҳарларини бой берган бир давлат кўз ўнгимизда дунё мудофаа саноати учун энг муҳим давлатлардан бирига айланаётганини англатади! Уруш ана шунақа нарса. Ўртага мустақиллик учун кураш тикилса, одам беихтиёр донога айланади.
«Реал» ва «Барса» «пишди»
Ҳафта давомида Европа Чемпионлар Лигасида яримфинал жуфтликлари аниқланди. Испания грандлари «Барселона» ва «Реал» чоракфиналда қолиб кетди. Уларнинг иккиси ҳам биринчи ўйинда енгилиб, жавоб баҳсида камбэкка умид қилганди. Лекин ремонтада бўлмади. «Барселона» Мадридда «Атлетико»ни 2:1 ҳисобида енгган бўлса-да, биринчи ўйиндаги мағлубият (0:2) сабаб мусобақани тарк этди.
«Реал» Мюнҳенда «Бавария» меҳмони бўлиб жуда яхши ўйин ўтказди. Бироқ Ҳарри Кейн бошчилик «Бавария» барибир зўрлик қилди. Ўйин якунида Эдуардо Камавинга қизил карточка олиб жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Четлатишдан кейин «Бавария» иккита гол уриб ғалаба қозонди. Арда Гулернинг иккита, Мбаппенинг битта ажойиб голи «Реал»га ёрдам бермади. Менимча, ҳакам Камавингага нотўғри қизил карточка кўрсатди. Бунақа даражадаги ўйинларни бундай қизиллар билан бузиш керак эмас. Лекин бу «Бавария» ғалабасига соя сола олмайди. Энди финал йўлланмаси учун «Бавария» ПСЖ билан, «Атлетико» «Арсенал» билан ўйнайди.
Трамп ва Папа тортишуви
АҚШ президенти Доналд Трамп урушиш мумкин бўлган барча сиёсатчилар билан урушиб бўлди ва энди бошқа соҳа вакилларига ўтмоқда. Ҳафта давомида Трамп кимсан Рим папаси билан талашиб қолди. Тарихдаги илк америкалик Папа Лев XIV Африка турнеси чоғида «дунёни вайронага айлантираётган золимларни» қоралади. Трамп эса танқид ўзига қаратилганини сезиб Папани «сиёсатга аралашмасликка» чақирди.
Тортишув пайтида Трамп ўзининг сунъий интеллектда ясалган ғалати суратини эълон қилди. Унда Трамп, айтишга ҳам тил бормайди, Исо пайғамбар кўринишида тасвирланган. Бизнинг эътиқодга кўра пайғамбарларни ўйлаб топилган суратлар билан ифойдалаш катта гуноҳ, Ғарбда эса Исо пайғамбарни расм сифатида ифодалаш оддий ҳол. Трамп ўзини ўшандай суратлардан биридаги Исо пайғамбарга қиёслаган. Кўп ўтмай бу сурат ўчирилди, лекин барибир Трамп қилган иши диндор насронийларнинг жаҳлини чиқарди. Бу кетишда Трамп кимлар билан урушиб чиқишини тасаввур қилиш қийин.
Ҳўрмуз блокадаси
Эрондаги урушни бутун дунё ўз танасида ҳис қилди, чунки дунё нефтининг катта қисми Ҳўрмуз бўғозидан ўтади. Энергия маҳсулотлари қиммат бўлса, ҳамма нарса қимматлашади. Урушда Америка ҳам, Эрон ҳам бўғоздан босим ўтказиш учун фойдаланди. Аввалига Эрон уни тўсди, кейин кемалардан пул олиб ўтказди, кейин Америка келиб «ҳеч ким бу ерга кирмайдиям, чиқмайдиям», деди.
Ва ўзаро келишув фонида Эрон яна бўғозни очди, лекин Америка блокадани давом эттираркан. Хуллас, икки давлатнинг мантиқсиз уруши миллиардлаб оддий одамлар ҳаёт тарзига салбий таъсир қилмоқда.
Исроил–Ливан сулҳи
Ҳафта давомида Ливан ва Исроил АҚШда ўн кунлик сулҳ бўйича келишди. Икки давлат 30 йил деганда илк марта тўғридан тўғри музокара ўтказди. «Энди икки давлат чегарасини икки ҳолатда кесиб ўтиш мумкин бўлади: костюм кийган ҳолда бизнес учун, чўмилиш кийими билан дам олиш учун», деди Исроил вакили.
Икки давлат ўт очишни тўхтатиш бўйича келишди. Лекин бир жиҳат бор, Исроил Ливан билан эмас, «Ҳизбуллоҳ» билан урушмоқда. Ливан армияси Исроилга ўқ узгани йўқ. Икки давлат келишувига кўра, Ливан «Ҳизбуллоҳ»нинг давлатдаги таъсирини йўқотиши керак бўлади. Қизиғи, бу давлат шундоғам кўп йиллардан бери «Ҳизбуллоҳ»дан безор бўлган. Бу галги сулҳни Эрон ҳам қабул қилди. Теҳрон ҳозир сулҳларни қабул қилмайдиган ҳолатда ҳам эмас ахир.