Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 12 апрел, якшанба. Ўтган йил 12 апрел шанба кунига тўғри келган ва ўша ҳафтадаги дайжестда Юрий Гагарин космосга чиққани ҳақида гапирганим эсимда. Бугун сўзбошида ёмғирдан кейин Самарқанд шаҳри кўчаларини сув босгани ҳақида гапиришни режалаштиргандим, лекин ўйлаб қарасам, бу янгилик эмас, ҳар баҳорда такрорланадиган ҳолат. Келинг, сўзимизни шу кунларда инсониятни янги босқичга олиб чиққан чинакам катта воқеа билан бошлаймиз.
«Artemis II» космик кемаси тарихий Ой миссиясини якунлаб, эсон-омон Ерга қайтди. Америка миллий коинот бошқармаси NASA йиллар давомида тайёрланган миссияни муваффақиятли якунлади. Уч америкалик ва бир канадалик фазогир Ер орбитасидан рекорд даражада узоқлашди, Ер «ботиши» каби уникал кадрлар олиб, Ойнинг орт томонига ўтиб чинакам оламшумул ишларни амалга оширишди.
Бу миссия шунчаки расм олиш, «Америка бошқалардан зўр эканини кўрсатиш учун» қилингани йўқ, фазогирлар ўрганган янгиликлар асосида кўплаб тадқиқотлар қилинади, инсон коинотга янада яқинлашади.
Бутун инсониятни бу ажойиб тарихий миссия билан табрикласак бўлади. «Artemis II» ҳаво кемаси 12 апрел — коинот куни арафасида Ерга қайтгани ҳам маъжозий маъно ифодалаётгандек. Албатта, Америка Россиядан яхшироқ эканини исботлашга уринмайди, охирги йилларда орадаги фарқ ҳаддан ташқари катталашиб кетди, лекин барибир Вашингтонда ҳам зимдан рақобатни ҳис қилишади. Биринчи бўлиб инсонни космосга учирган давлат бугун нималар билан банд экани-ю, рақобатчилар қаерда юрганини қаранг... Биз доимгидек ҳафтанинг энг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Сулҳ
Ҳафта давомида Америка президенти Трамп Эрон билан икки ҳафталик сулҳ эълон қилди. Олдинроқ Оқ уй раҳбари Эронга «бутун тамаддунни йўқ қилиш» билан таҳдид қилганди. Бу таҳдид ядровий зарба бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди. Лекин дедлайн тугашига бир неча соат қолганида Трамп Эрондан таклиф олгани, унинг асосида музокара ўтказишга тайёрлигини айтди.
Бу баёнотдан кейин Эрон Ҳўрмуз бўғозини очди. Лекин кўп ўтмай ҳар икки томон сулҳни бузганини айтиб бир-бирини айблаб чиқди. Эрон Исроилнинг Ливанга ҳужумлари сулҳни бузиш эканини билдирди, чунки «Ҳизбуллоҳ» ҳам сулҳга қўшилганди. Урушнинг энг асосий ташаббускори Исроил кўп ўтмай Ливан билан музокара бошлади.
Трамп Эрон билан музокара ўтказиш учун Покистонга вице-президент Жей Ди Вэнсни юборди. Бу Америка президенти урушни тугатмоқчи дегани, чунки жамиятда норозилик кучайиб кетди. Катта эҳтимол бу музокаралардан кейин томонлар келишувга эришади ва уруш тугайди. Бу Россия ва Украина ўртасидаги музокарага ўхшамайди, бу ерда икки душман ўртасидаги фарқ жуда катта. Эрон узоқ урушга бардош беролмайди. Ва ҳар қандай ҳолатда Эрон ҳукумати урушда ғалаба қозонгани ҳақида эълон қила олади. Ҳатто Америка билан ядро келишуви имзоласа ҳам.
















