Ўзбекистон | 10:53
3685
7 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин

Самарқанд шаҳрида “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида ўтказилаётган халқаро форум иштирокчиларига мурожаат йўллаган президент Шавкат Мирзиёев наркотиклар савдоси, нарко-жиноятлар ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш бўйича қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди.

Фото: Kun.uz

Давлат раҳбари ўз нутқида бугунги таҳликали дунёда уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги шакллари инсоният учун трансмиллий таҳдидлар кўламини тобора кенгайтираётганини таъкидлади. Қайд этилишича, наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал хусусият касб этиб, жиноий гуруҳлар шифрланган алоқа каналлари, контактсиз мулоқот ва мураккаб молиявий воситалардан фойдаланмоқда. Бу эса наркотикларга қарши курашишда замонавий ёндашувлар ва янги ечимларни талаб этмоқда.

Қайд этилишича, наркобизнес бу фақат гиёҳванд моддалар айланмаси эмас, бу – миллиардлаб долларлик яширин иқтисодиёт, уюшган жиноятчилик ва терроризмни молиялаштирадиган манба ҳамдир.

Жиноий маблағларни ювишнинг энг катта қисми бугун айнан рақамли активлар ва оффшор ҳудудлар орқали амалга оширилмоқда.

"Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг “молиявий артерия”ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади", деди президент.

Шунинг учун крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар, “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарур.

"Шунингдек, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик аниқлайдиган, уни қабул қилган банк ёки молиявий ташкилотни дарҳол хавф тоифасига киритадиган “халқаро рақамли қора код” тизимини жорий қилишни таклиф этаман", деди давлат раҳбари.

Президентнинг қайд этишича, БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 300 миллиондан ортиқ одам гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб қолган, ҳар йили қарийб 600 минг инсон ушбу иллат қурбонига айланмоқда. Бу хавф-хатар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётгани, шу боис мамлакатда гиёҳвандлик ва нарко-жиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилгани таъкидланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу соҳада идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва профилактика механизмларини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинган. Айниқса, 2024 йилда наркотикларга қарши курашиш бўйича миллий стратегиянинг қабул қилиниши бу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этилди. Шу саъй-ҳаракатлар натижасида наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 2,5 баробарга, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари 2 баробарга, йўқ қилинган синтетик наркотиклар эса 7 баробарга ошгани маълум қилинди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 15 мингдан зиёд нарко-жиноят фош этилган, қарийб 3,5 тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 120 килограмм синтетик наркотиклар йўқ қилинган. Шунингдек, 14 та яширин нарколаборатория ва 72 та йирик интернет-дўкон фаолиятига чек қўйилган. Айни вақтда, бундай жиноятларнинг учдан бири ёшлар томонидан содир этилаётгани, асосий хавф гуруҳини 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилаётгани алоҳида ташвиш билан тилга олинди.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда ёшларни гиёҳвандликдан асраш, уларда нарко-жиноятларга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилаётгани билдирилди. Бу жараёнда оила, маҳалла, мактаб, техникум ва олий таълим муассасаларининг ўрни кучайтирилаётгани, яқинда ташкил этилган “Анти-Нарко” волонтёрлик ҳаракати қисқа вақт ичида 17 мингдан ортиқ ёшни бирлаштиргани таъкидланди. Барча ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида наркотиклар тарқалишининг олдини олишга қаратилган AI Hackathon миллий лойиҳаси ҳам бошланган.

Президент халқаро ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, гиёҳвандликка қарши кураш фақат бир давлатнинг эмас, балки бутун инсониятнинг умумий масъулияти ва мажбурияти эканини таъкидлади. Қайд этилишича, Ўзбекистон бу борада 50 дан ортиқ давлат ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Давлат раҳбари мазкур алоқаларни минтақавий ва халқаро хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим кўприк сифатида баҳолади.

Мурожаатда трансмиллий нарко-жиноятларга қарши курашиш бўйича бир қатор аниқ ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Хусусан, барча иштирокчи давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотлар базасини бирлаштирадиган, сунъий интеллект асосида ишлайдиган ягона рақамли платформани ишга тушириш таклиф этилди. Ушбу платформа нарко-трафик йўналишларини барвақт аниқлаш, хавфли юклар ҳаракатини эрта босқичда фош этиш ва трансмиллий жиноий гуруҳлар фаолиятини реал вақт режимида кузатиб боришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, президент нарко-бизнеснинг молиявий манбаларига қарши курашишни кучайтириш лозимлигини урғулаб, крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар жорий этиш ва “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди. Бундан ташқари, ноқонуний маблағлар ҳаракатини дунё бўйлаб автоматик тарзда аниқлайдиган ва бундай маблағни қабул қилган банк ёки молиявий ташкилотни дарҳол хавф тоифасига киритадиган “халқаро рақамли қора код” тизимини йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Нутқда синтетик наркотикларнинг янги турлари кун сайин пайдо бўлаётгани сабабли доимий мулоқот майдонини ишга тушириш, синтетик наркотикларга ружу қўйган беморларни самарали даволаш бўйича замонавий методика ва стандартларни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Шу билан бирга, гиёҳвандликка чалинганларнинг тиббий реабилитацияси соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Марказий Осиё Наркологлар ассоциациясини ташкил этиш ва унинг бош офисини Самарқанд шаҳрида жойлаштириш таклифи ҳам илгари сурилди.

Президент айрим ҳудудларда наркотик етиштириш ва тарқатиш иқтисодий имкониятлар чеклангани, иш ўринлари етишмаслиги ва ижтимоий тенгсизлик оқибатида сақланиб қолаётганини таъкидлаб, нарко-трафик хавфи юқори бўлган ҳудудлар учун “махсус ривожланиш дастури”ни ишлаб чиқиш ташаббусини ҳам билдирди. Бунда аҳоли учун барқарор даромад манбаларини яратиш, инфратузилмани яхшилаш, таълим ва тиббиётни ривожлантириш орқали аҳолининг жиноий иқтисодиётга қарамлигини камайтириш бўйича комплекс чоралар кўриш таклиф этилди.

Қайд этилишича, форумда ҳамкор давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлардан 500 га яқин иштирокчи қатнашмоқда. Давлат раҳбари ушбу анжуманда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар инсоният, миллатлар генофондига таҳдид солаётган наркотиклар муаммосига қарши бирлашиш йўлида янги қадам бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Самарқанд декларацияси халқлар хавфсизлиги, саломатлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтиришига ишонч билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид