Ўзбекистон | 08:32 / 21.04.2026
2728
2 дақиқада ўқилади

Ишчи виза ваъдаси билан минглаб доллар талаб қилганлар ушланди

Навоий ва Қашқадарё вилоятларида фуқароларни чет элга ишга юборишни ваъда қилиб, улардан катта миқдорда пул талаб қилган шахслар тезкор тадбирлар давомида қўлга олинди. Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ноқонуний миграцияга қарши курашиш йўналишида Навоий ва Қашқадарё вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказилди.

Аниқланишича, Навоий шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари Хатирчи туманида яшовчи 2006 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кириб, барча ҳужжатларни ўзи тайёрлаб беришини айтган ҳолда, уни Болгарияга ишга юбориш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ҳам шу каби ҳолат фош этилди. Тошкент вилоятида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс икки нафар фуқарони Исроилга ишлаш учун юбориш ва ишчи визасини танишлари орқали тайёрлатиб беришни ваъда қилиб, улардан 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мазкур шахс Қашқадарё вилоятига келиб, сўралган маблағнинг 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасаддилар фуқароларни хорижга ишга юбориш бўйича ижтимоий тармоқлардаги турли таклифларга нисбатан эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Таъкидланишича, бундай ҳолатларда фақат Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ёки тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари хизматларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, фуқароларга кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бериш тавсия этилди. Шахс сир сақланиши кафолатланиши билдирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид