Ўзбекистон | 10:36 / 23.04.2026
1645
2 дақиқада ўқилади

Ёш фермерлар ва тадбиркорлар учун янги имтиёзлар жорий этилади

Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида янги имтиёзлар жорий этилмоқда. Президент қарорига мувофиқ, ёш тадбиркорлар ва фермерлар учун ўқув дастурлари, молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда бепул хизматлар кўлами кенгайтирилади.

Фото: Kun.Uz

Президентнинг 2026 йил 20 апрелдаги ПҚ–148-сон қарори билан “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорга кўра, 2030 йилга қадар 20 минг нафар ёшни тадбиркорликка ўқитишга мўлжалланган “Янги авлод тадбиркорлари” дастури йўлга қўйилади. Дастур доирасида маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда хусусий сектор вакиллари жалб этилиб, саралаб олинган ёшларга бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш, маҳсулот ва хизматларни бозорга чиқариш ва кенгайтириш бўйича амалий билимлар берилади.

Лойиҳа якунида энг яхши натижа кўрсатган 1 минг нафар иштирокчига сертификат берилиб, уларга БҲМнинг 500 бараваригача миқдорда имтиёзли шартларда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ссуда ажратилади.

Шунингдек, 2026 йил 1 августдан бошлаб, туман фермерлари кенгашлари ҳузуридаги бухгалтерия хизматлари марказлари томонидан бошлиғи ёшлар бўлган янги фермер хўжаликларига 2 йил давомида бепул хизмат кўрсатилади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан ёшлар ташкил этган тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, ичимлик суви ва оқова сув тармоқларига улаш билан боғлиқ давлат хизматлари харажатларининг БҲМнинг 10 бараваригача қисми қоплаб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид