Иқтисодиёт | 14:59
1008
4 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш ва янги имтиёзлар бермаслик зарур – ХВЖ миссияси

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматига 2027 йилдан минерал ресурсларни чиқариб ташлаган ҳолда номинал бирламчи тақчилликнинг юқори чегарасини белгилашни тавсия этяпти. Шунингдек, айрим товарлар бўйича акциз ставкаларини ошириш, эски солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш ва янгиларини бермаслик кераклиги таъкидланяпти.

Фото: Shutterstock

Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистонга 2026 йил учун бюджет ижроси доирасида харажатларни ошириш ҳолатларини имкон қадар чеклашни тавсия этяпти. Бу инфляцион босимни жиловлашга ёрдам беради.

«Бюджетда, айниқса, олтин нархларига оид даромадлар бўйича эҳтиёткор прогнозлар инобатга олинган шароитда даромадлар режасининг ортиғи билан бажарилиши эҳтимоли мавжуд бўлса ҳам, харажатларнинг бюджетда белгиланган даражадан ошиб кетишини чеклаш муҳим. Акс ҳолда аллақачон юқори бўлган ички талаб, нефт нархларининг баландлиги ва савдо йўналишларидаги узилишлар фонида инфляцион босим янада кучайиши мумкин», дейилади ҳисоботда.

ХВЖга кўра, Яқин Шарқдаги уруш билан боғлиқ эҳтимолий қўшимча маблағ ажратиш зарур бўлса, умумий субсидиялар ва нархларни тартибга солишдан қочиш керак. Чунки бундай чоралар катта харажат талаб қилади, бозорни бузади ва уларни кейинчалик бекор қилиш қийин кечади.

Шунингдек, 2027 йилдан бошлаб минерал ресурсларни чиқариб ташлаган ҳолда номинал бирламчи тақчилликнинг юқори чегарасини белгилаш тавсия этиляпти. Бу минерал ресурслар қазиб чиқаришдан тушадиган ўзгарувчан даромадларни бошқариш механизмини мустаҳкамлаш учун умумий тақчилликнинг 3 фоизлик мақсадли кўрсаткичига қўшимча равишда амалга оширилади.

Солиқ сиёсати

Давлат тез ўсиб бораётган аҳолининг таълим, тиббиёт ва инфратузилмага бўлган эҳтиёжларини молиялаштира олиши учун ХВЖ янгиланган ўрта муддатли даромадлар стратегиясини амалга оширишни таклиф қиляпти.

Хусусан, солиқ сиёсати соҳасида айрим товарлар бўйича акциз ставкаларини ошириш, эски солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш ва янги имтиёзлар бермаслик зарур. Бу айниқса, фойда солиғи бўйича «солиқ таътили» ва пасайтирилган ставкаларга тааллуқли. Шунингдек, фойда солиғи ва божхона божлари бўйича амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзларни бекор қилиш керак.

«Солиқ тушумларини ошириш жараёнида ҚҚСни қайтариш бўйича қарздорлик тўпланишига йўл қўймаслик ва мавжуд қарздорликни бартараф этиш зарур. Бунга ҳисоб-фактуралар учун янги риск баҳолаш тизимини жорий этиш орқали эришиш мумкин. Ушбу тизим текширилган аризалар бўйича ҚҚСни тезкор ва автоматик қайтаришни таъминлашга хизмат қилади», дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, бюджет институтларини ислоҳ қилиш, жумладан, қарзни бошқариш стратегиясини эълон қилиш ва бюджет статистикасини ривожлантириш борасидаги ютуқлар аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

«Шу билан бирга, қўшимча тараққиёт учун имкониятлар мавжуд. Ғазначилик жараёнларини янада автоматлаштириш бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни ўз вақтида текшириш ва тайёрлаш имконини беради ҳамда харажатлар самарадорлигини баҳолашни осонлаштиради. Бюджет билан бирга солиқ харажатлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш ҳам шаффофликни оширади. Фискал хатарларни камайтириш бўйича қўшимча чоралар қаторига ДХШ мажбуриятлари учун йиллик юқори чегарани янада қатъийлаштириш, шартномаларини стандартлаштириш, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ДХШ устидан назорат ваколатлари ва ахборот базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, бюджет ҳужжатларидаги давлат корхоналари билан боғлиқ хатарлар ҳақида маълумотларни ошкора қилиш тартибини такомиллаштириш киради», дея қайд этган ХВЖ миссияси.

 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид