Ўзбекистон | 15:10
6619
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда нефт дарё ўзанига оқиб кетди

Бойсун тумани Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойининг оқим бўйлаб нефт сақланадиган вақтинчалик ҳовузлар бўлган. 23 апрелда кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида сой сув кўпайиб, ҳовузларга ўтган. Сўнгра нефт аралашган сув Бандихонсойга, у орқали Сурхондарё дарёсига қуйилган.

Фото: Видеодан кадр

Сурхондарёда нефт дарё ўзанига оқиб кетди. Бу ҳақда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Шуҳрат Суюнов хабар берди.

Маълум қилинишича, Бойсун тумани Кофрун маҳалласидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойи оқим бўйлаб чап томонида нефт сақланадиган вақтинчалик ҳовузлар бўлган.

Ушбу ҳовузлар бурғилаш чоғида ер юзасига чиққан нефт хомашёси сойга оқиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йил январ-феврал ойларида Eriell компанияси томонидан тупроқдан дамба қилиш йўли билан барпо этилган. Уларда тўпланган нефт махсус техникалар ёрдамида ташиб кетилган.

23 апрел куни Бойсун туманида рўй берган кучли ёғингарчилик туфайли Хангаронсой сойида сув кўпайиб, вақтинчалик дамбалардан сел-тошқин сувлари тошиб ўтган. Оқибатда нефт аралашган сув Бандихон тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Бандихонсойга, у орқали Қумқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Сурхондарё дарёсига қуйилган.

Шу куннинг ўзида Кофрун маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Хангаронсой сойидаги бир нечта ҳовуз дамбалари Eriell компанияси томонидан тикланган ҳамда сувга нефт оқиб чиқиши тўлиқ бартараф қилинган.

Қайд этилишича, Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва вилоятдаги барча сув хўжалиги ташкилотлари томонидан сел-тошқин хавфи рўй бериши мумкин бўлган ҳудудларда назорат кучайтирилган.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид