Жаҳон | 22:54 / 25.04.2026
1349
2 дақиқада ўқилади

Суриянинг янги ҳукумати Россияни Хмеймим авиабазасидан чиқариб юбормоқчи

Шу билан бирга, авиабазани «ҳамкорликда бошқариш» имконияти кўриб чиқилмоқда, бунда объект «фақат ҳарбий бўлмаган мақсадларни бажаради».

Фото: AP

Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа маъмурияти Хмеймим авиабазасини Россиядан тортиб олишни ва уни ўз ҳарбийлари учун ўқув пунктига айлантиришни режалаштирмоқда, деб хабар берди «Коммерсант» нашрининг Дамашқдаги манбаси.

Унинг сўзларига кўра, авиабазани «ҳамкорликда бошқариш» имконияти кўриб чиқилмоқда, бунда объект «фақат ҳарбий бўлмаган мақсадларни бажаради».

Манбанинг таъкидлашича, асосан собиқ исёнчилардан иборат ҳозирги Сурия армияси умумий ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган ва соҳил бўйидаги Лазиқия вилоятидаги Хмеймим базаси уларни тайёрлаш учун мос келади.

Шу билан бирга, Сурия россиялик ҳарбий инструкторларни жалб қилишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Ал-Модон (Ливан) газетасининг республика Мудофаа вазирлигидаги манбалари. Уларнинг айтишича, бу зарур, чунки армия асосан совет ва Россия ишлаб чиқарган техникалар билан қуролланган. Уларнинг қўшимча қилишича, ёрдам, эҳтимол, қуруқликдаги кучларни тайёрлаш билан чекланади - учувчиларни тайёрлаш ҳақида гап кетмаяпти.

Башар Асад режими қулагандан сўнг, Россия Сурия базаларидан барча қурол тизимларини, жумладан, С-300 ва С-400 ҳаво мудофаа тизимлари, шунингдек, «Бастион» ракета тизимларини олиб чиқишга мажбур бўлди, шунинг учун ҳозир бу объектлардан стратегик авиацияни қисқа муддатли жойлаштириш учун ҳам фойдаланиш қийин, деди Россия халқаро ишлар кенгаши эксперти Антон Мардасов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча Сурия Россия ҳарбийларига Хмеймимдан Африкага юк ташиш учун аэродром сифатида фойдаланишга рухсат бермоқда, аммо вазият ўзгариши мумкин.

Январь ойида Дамашқ Россиядан Сурия Курдистони пойтахтидаги 2019 йилдан бери мамлакат шимоли-шарқини назорат қилиш учун асосий форпост ва кучларни ўтказиш учун логистика маркази бўлиб хизмат қилган Қамишли базасидан қўшинларини олиб чиқишни талаб қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид