Жаҳон | 01:54
1693
1 дақиқада ўқилади

Мелания Трамп Оқ уйда асаларичиликни кенгайтирмоқда

Қайд этилишича, президент қароргоҳида асал етиштириш ҳажми янада ошиши кутилмоқда. Бу асалдан Оқ уйда фойдаланилади, шунингдек маҳаллий озиқ-овқат корхоналарига совға қилинади.

Фото: Оқ уй

АҚШ биринчи хоними Мелания Трамп Оқ уйдаги Жанубий майсазор ҳудудида президент қароргоҳи шаклидаги асалари қутисини ўрнатиш тадбирида қатнашди.

Янги уя ўрнатилиши билан АҚШ президенти қароргоҳидаги асалари оилалари сони тўрттага етди. Улар ҳудуддаги полиз, гулзор ва Миллий аллеядаги ўсимликларни чанглатади. 

Қайд этилишича, қулай йилларда 100 кг дан ошиши мумкин бўлган асал етиштириш ҳажми яна 13,5 кг га ошиши кутилмоқда. Бу асалдан Оқ уйда фойдаланилади, шунингдек маҳаллий озиқ-овқат корхоналарига совға қилинади.

Фото: Оқ уй 

Associated Press агентлигининг ёзишича, уя ўрнатилиши асаларичиликни фаол қўллаб-қувватловчи қирол Карл III ва қиролича Камилланинг яқин кунларда бўлиб ўтадиган давлат ташрифига тайёргарликнинг бир қисми ҳисобланади. 

Доналд Трамп иштирок этган тадбирда юз берган отишмадан сўнг, бўлажак ташриф дастурига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид