Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Россия жамиятида урушга нисбатан чарчоқ ортиб боряпти” — сиёсатшунос
Россия–Украина уруши позицион характерда давом этяпти, фронт чизиқларида деярли йирик силжишлар камайган. Уруш нафақат ҳарбий, балки иқтисодий ва сиёсий жараёнларга ҳам кучли таъсир кўрсатмоқда. Россия иқтисодиёти юзасидан турли баҳолар илгари сурилиб, айрим расмий кўрсаткичлар ва мустақил таҳлиллар ўртасида сезиларли тафовутлар борлиги қайд этилмоқда. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар мазкур мавзу борасида сўз юритди.
Россия–Украина урушида мавжуд вазият қандай?
Анвар Йўлдошев: Ҳозирги кунга келиб Россия–Украина уруши асосан позицион урушга айланиб бўлган. Томонлар орасида кенг кўламли йирик ҳужумлар деярли кузатилмайди. Асосан кичик ҳудудлар, айрим қишлоқлар учун кураш давом этмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда томонлар бир неча юз квадрат километр ҳудудни назоратга олган бўлса-да, бу катта стратегик ўзгаришларни англатмайди. Катта фронт ҳужумлари ва чуқур ютуқлар деярли йўқ. Бу ҳолат иккала томон ҳам позицион уруш шароитига мослашиб улгурганини кўрсатади.
Сабаби шундаки, йирик ҳужумлар учун катта ҳарбий ресурслар ва кучлар зарур. Ҳозир эса иккала томон ҳам бундай кучларни бир нуқтага жамлаш имкониятига эга эмас. Шу сабабли уруш асосан секин ва парчаланган ҳаракатлар билан давом этмоқда.
Шу билан бирга, иккала томон ҳам музокаралар масаласига эҳтиёткор ёндашмоқда. Россия президенти Владимир Путин Украинага музокара ўтказиш бўйича очиқлик билдирган, ҳатто Володимир Зеленский билан учрашув эҳтимоли ҳақида ҳам гапирилган. Украина томони эса бундай учрашув нейтрал ҳудудда — масалан, Туркия ёки Саудия Арабистонида бўлиши мумкинлигини билдирган.
Ҳозирги вазиятда аниқ натижали учрашув эҳтимоли ҳам, унинг амалга ошмаслиги ҳам мавжуд. Агар музокаралар бошланмаса, позицион уруш давом этади: томонлар кичик ҳужумлар ва жавоб зарбалари билан чекланиб қолади. Россияда урушга нисбатан чарчоқ сезиларли даражада ортган. Шу билан бирга, Россия ялпи ички маҳсулотининг тахминан 6–7 фоизини мудофаа харажатларига йўналтирмоқда, бу эса иқтисодиётга босимни кучайтирмоқда. Баъзи таҳлилларда Россиядаги ҳозирги вазият 1917 йил воқеалари билан таққосланмоқда, бироқ бу баҳолар ҳаддан ташқари кескин ва реал ҳолатга тўлиқ мос келмайди. Иқтисодиётда секинлашув бор, аммо тизимнинг умумий қулаш даражасига етгани йўқ.
Масалан, прогноз қилинган иқтисодий ўсиш 2,5 фоиз атрофида бўлса-да, амалда бу кўрсаткич 1,2–1,3 фоиз атрофида қолмоқда. Бу иқтисодий фаоллик пасаяётганидан далолат беради. Россия даромадининг асосий қисми нефт ва газ экспортидан келади, йилига тахминан 220–240 миллиард доллар. Шу билан бирга, Украинага қилинган зарбалар натижасида нефтни қайта ишлаш инфратузилмасининг 20–25 фоиз қисми вақтинча ишдан чиққани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ бу йўқотишлар тўлиқ издан чиқиш дегани эмас — инфратузилма босқичма-босқич тикланмоқда.
Нефт нархининг юқори бўлиши эса Россия иқтисодиётига маълум даражада ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозир Брент маркали нефт нархи тахминан 105 доллар атрофида. Агар Яқин Шарқдаги кескинлик, жумладан, Эрон атрофидаги вазият давом этса, нарх янада ошиши мумкин.
Агар нефт 120–150 доллар даражасига чиқса, бу Россия бюджети учун қўшимча фойда келтиради. Шунингдек, Ҳўрмуз бўғози ёки Боб ал-Мандаб каби стратегик йўлларда муаммолар юзага келса, нархлар янада кескин ошиши эҳтимоли бор. Хулоса қилиб айтганда, ҳозирча урушда ҳеч бир томон ҳал қилувчи ғалабага эришмаган. Менинг фикримча, яқин муддатда ҳам кескин бурилиш кутилмайди.
Шуҳрат Расул: Россиядаги йирик сиёсий кучлардан бири бўлган Коммунистик партия етакчиси Генадий Зюганов яқинда Давлат Думасидаги чиқишида эътиборга молик фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, 1917 йилдаги каби кескин сиёсий воқеалар “шу йил кузида, айниқса ноябр ойларида” такрорланиши эҳтимоли мавжуд.
У айнан ҳозир эмас, балки кузга ишора қилиши бежиз эмас. Чунки иқтисодий вазият яқин ойларда янада оғирлашиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ҳозирнинг ўзида ҳам Россия иқтисодиётида босим сезилмоқда, бироқ айрим экспертлар буни янада чуқурроқ инқироз сифатида баҳоламоқда. Масалан, яқинда ўтказилган Москва иқтисодий форумида иқтисод фанлари доктори, академик Роберт Нигматулин Россия иқтисодиётини “инқироз ҳолатига кирган” деб баҳолади. У расмий статистик кўрсаткичлар реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмаслигини таъкидлади.
Яна бир академик Кабаков ҳам расмий иқтисодий маълумотларга шубҳа билдирди. Унинг фикрича, иқтисодий пасайиш 1,8 фоиз эмас, балки тахминан 6 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Бу эса расмий статистикага нисбатан жиддий тафовут мавжудлигини кўрсатади. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай фикрлар ташқаридаги мухолиф иқтисодчилар эмас, балки Россия Фанлар академияси вакиллари томонидан очиқ билдирилмоқда. Бу эса ички эксперт доираларда ҳам хавотир ортиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги пайтларда Россия жамиятида ҳам ўзгаришлар сезилмоқда. Айрим жамоатчи фикр етакчилари, академиклар ва ҳатто урушни қўллаб-қувватлаб келган айрим “Z” позициясидаги гуруҳлар ҳам урушни тўхтатиш зарурлиги ҳақида фикр билдира бошлаган.
Бунга жавобан расмий Кремл эса жамиятни бирлашишга чақирмоқда. Президент Владимир Путиннинг сўнгги чиқишларида Иккинчи жаҳон уруши давридаги “миллий бирлашув” мисоллари келтирилиб, жамиятнинг фронт ортида бирлашиши зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Россия ичида турли фикрлар очиқроқ муҳокама қилинаётгани ҳам кузатилмоқда. Академиклар ва экспертлар фикрига нисбатан кескин чоралар кўрилмаяпти, аксинча, уларнинг чиқишлари баъзан давлатга қарашли оммавий ахборот воситаларида ҳам ёритилмоқда. Умуман олганда, иқтисодий вазиятга доир баҳолар турлича бўлса-да, кўплаб мустақил таҳлилларга кўра, Россия иқтисодиёти жиддий босим остида қолмоқда. Айрим экспертлар эса вазиятни оддий “ёмонлашув” эмас, балки чуқур инқироз босқичи сифатида баҳоламоқда.
Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:16
Украина ЕИ аъзоси бўлиш учун ўз ҳудудларидан воз кечишига тўғри келади – Мерц
00:04
Эрон ташқи ишлар вазири Россияга боради
22:54 / 25.04.2026
Суриянинг янги ҳукумати Россияни Хмеймим авиабазасидан чиқариб юбормоқчи
10:28 / 25.04.2026