Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Энди пиёда боришмайди” — чекка жойлардаги мактабларга автобуслар топширилди
Ўзбекистоннинг айрим жойларида болалар мактабга бориш учун ҳар куни пиёда 30 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфлайди. HAYOT Foundation лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларининг чекка ҳудудларидаги 4 та мактабга автобуслар топширилди. Бу транспорт воситаси болаларнинг мактабга боришини енгиллаштириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги 18-мактабда ўқийдиган ака-ука Куванишбой ва Рустам Куватбаевлар мактабга бориш учун кунига 26 километр йўлни пиёда ёки велосипедда босиб ўтишади.
“Пиёда борсак 2,5-3 соатда борамиз. Бемалол юрсак 3 соат вақт кетади. Велосипедда 1 соатда, машинада узоғи 20 минутда етиб борамиз. Қишда қийин бўлади, қор ёғганда сирғанамиз, қўрқамиз”, – дейди Рустам.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги 146 мингдан зиёд ўқувчи дарсга пиёда боради ва айрим жойларда болалар мактабга бориш учун ҳар куни 30 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфлайди.
HAYOT Foundation ижтимоий платформасининг “Мактaбга хавфсиз ҳаракат” лойиҳаси айнан шу муаммога ечим топишга қаратилган.
23 апрел куни платформанинг ишга туширилиши ва унинг биринчи амалиёти сифатида “Мактaбга хавфсиз ҳаракат” лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги чекка ҳудудларга 4 та мактаб автобуси топширилди. Тақдим этилган автобуслар болаларнинг мактабга боришини енгиллаштириши, энг муҳими хавфсизлигини таъминлаши кутилмоқда.
HAYOT Foundation ўз фаолиятини инсон ҳаёти, табиат ва маданий муҳит каби йўналишларда олиб боради. “Мактaбга хавфсиз ҳаракат” эса шу йўналишлардаги амалий ишларга ўтишнинг биринчи намунаси.
“HAYOT Foundation – ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, турли ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича махсус платформа ҳисобланади. Давлат ташкилотлари ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирадиган, барча муаммоларга ўзини ечими билан ёрдам берувчи янги тизимдир. Биз асосий уч йўналишда фаолият юритамиз: инсон ҳаёти, табиат ҳаёти, маданий ҳаёт йўналишларида турли лойиҳаларимиз мавжуд. Бугунги тадбирда узоқ туманларда истиқомат қилувчи болалар учун мактаб автобуслари совға қилинди.
Янги ўқув йили бошланишига қадар, тахминан август ойларида 2-босқич амалга оширилади. Чекка ҳудудлардаги узоқ масофаларда таълим оладиган болаларимиз учун ҳам махсус автобуслар етиб боради. 1-босқичда Қорақалпоғистон республикаси Мўйноқ тумани, Қашқадарё вилояти Китоб тумани, Сурхондарё вилояти Термиз тумани ва Самарқанд вилояти Нуробод туманларини қамраб олдик. Ушбу ҳудудлардан биттадан мактабларни танлаб олдик. Келгуси босқичларда изланишлар давом этади. Бу соҳада ҳамкорларимиз мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари билан ҳудудларни яна ўрганамиз. Шундан келиб чиқиб 2-босқич учун махсус рўйхат шакллантирамиз”, – дейди лойиҳа раҳбари Камолиддин Бекназаров.
Платформанинг очилиш маросимида бир қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланди.
Мавзуга оид
17:40 / 25.04.2026
Самарқандда васий аёл қизалоқларга зўравонлик қилди
10:35 / 25.04.2026
Норвегияда болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
10:06 / 25.04.2026
Дунё бўйлаб мактабларда телефон чекловлари кескин ошди
20:36 / 22.04.2026