Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Империялар қабристони” – нега йирик давлатлар Афғонистонни бўйсундира олмаган?
Сўнгги 50 йилда афғонлардай қийналган халқ бўлмаса керак. Бу муддатда уларнинг уйида бир кун ҳам тинчлик бўлмади. Аввалига совет армияси бостириб кириб, 10 йил жанг қилди. Кейин толиблар пайдо бўлди ва фуқаролар уруши бошланди. 2001 йилда Афғонистонга АҚШ ҳарбийлари киритилди. Америкаликлар толибларга қарши 20 йил жанг қилди ва охир-оқибат улар ҳам Афғонистонни тарк этди.
Афғонистон тарихига қаралса, бу юрт тарихда кўплаб саркардалар томонидан эгалланган, империялар таркибига кирган.
Жумладан, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Чингизийлар, Темурийлар давлатларининг бир қисми бўлган. Афғонистонга бир муддат Шайбонийлар ҳам эгалик қилган.
Шунингдек, ўз юртига сиғмаган Бобур 1504 йилда Афғонистонни эгаллаб, уни 20 йил бошқаради. Сўнг Ҳиндистонни эгаллайди. Ўшанда афғон қабилалари Бобурга ҳинд юртини забт этишда ёрдамлашади.
Бобурийлардан сўнг афғонлар юртини Сафавийлар давлати эгаллайди ва бир неча аср ҳукмронлик қилади. Ўз даврида юқорида номлари келтирилган империялар афғонларни қийинчилик билан бўйсундирган.
Масалан, мўғуллар қўшини ҳозирги Афғонистон ҳудудига етиб келганда Бомиён водийсида қаттиқ қаршиликка учрайди. Натижада Чингизхоннинг набираси ўлдирилади.
Бундан ғазабланган мўғуллар водий аҳолисини бутунлай қириб ташлайди ва уларнинг ўрнига ўз одамларини жойлаштиради. Бугун Афғонистонда яшовчи ҳазора миллати ўша мўғулларнинг авлодлари ҳисобланади.

Шунингдек, бир пайтлар Амир Темур ҳам афғонларни бўйсундиришда қийинчиликларга дуч келган. Ривоятларга кўра, афғонлар бир неча марта Амир Темур қолдирган қўмондонни ўлдиришган, қўшинни қириб ташлашган.
Афғонларнинг босқинчиларга қарши кураши минтақага Британия ҳарбийлари кириб келганидан сўнг янада авж олади. Афғонлар “ғайридинлар” қўл остида яшашни истамайди ва инглизлар босқинига муносиб қаршилик кўрсатади.
Кейинчалик, 20- ва 21-асрларда афғонлар яна иккита йирик давлат, СССР ва АҚШ босқинида ҳам мардона ҳимояланади.
Афғон давлатининг ташкил топиши
18-аср бошларида ҳозирги Афғонистон таркибига кирган ҳудудлар Сафавийлар давлати ва Бухоро хонлиги таркибида эди. Сафавийлар давлати заифлашгач Қандаҳор ва Ҳирот мустақил бўлади.
Бухоро хонлиги заифлашгач ўзбекларнинг ярим мустақил Балх хонлиги ташкил топади. Мамлакат шарқида эса пуштунлар бошқариб турган Қандаҳор кучайиб боради ва Сафавийлар давлатига қарши юришлар қилади.
1747 йилда Қандаҳорда ҳокимият Ҳотакийлардан пуштунларнинг Дурроний сулоласига ўтади. Шундан сўнг уларнинг қўмондони Аҳмад Шоҳ Дурроний Пешавор, Ҳирот, Кобул каби мустақил ҳудудларни бўйсундиради ва марказлашган Афғон давлати ташкил топади.

Ўша пайтларда Ҳиндистоннинг анча қисмини эгаллаб олган Британия империяси Афғонлар давлатига ҳам хавф сола бошлайди.
Британия империясига таслим бўлмаган Афғонистон
Бир неча аср давомида Ҳиндистоннинг турли ҳудудларини аста-секинлик билан эгаллаб келган инглизлар 1857 йилда Бобурий ҳукмдорларнинг сўнггиси Баҳодир Шоҳ Зафарни тахтдан ағдаради.
Шундан сўнг улар ғарб томонга силжиб келади ва афғонлар билан тўқнашади. Бир нечта оғир жанглардан сўнг инглизлар пуштун қабиласи яшайдиган ҳудуднинг бир қисмини босиб олади. Сўнг афғонларнинг қолган ҳудудини босиб олишга уринади.
Британия империяси ва афғонлар ўртасидаги биринчи уруш 1839-1842 йиллар оралиғида, иккинчи уруш 1878-1880 йилларда бўлиб ўтади. Бу урушларда Британия армияси ғалаба қозонади, бироқ инглизлар барибир Афғонистонни тўлиқ эгаллашга муваффақ бўлолмайди.
Шундан сўнг улар 1893 йилда Афғонистон билан чегара масаласида келишув имзолайди. Ўшанда Британия томонидан музокараларда Мортимер Дюранд иштирок этади ва афғонлар билан келишув имзолашда асосий ролни бажаради.
Шу сабабли Афғонистон ва Британия Ҳиндистони ўртасида тортилган чегара унинг номи билан “Дюранд чизиғи” деб аталган.
Ўшанда томонлар узунлиги 2 640 км бўлган чегара чизиғининг қаерлардан ўтиши бўйича келишувга эришади. Бироқ бу келишув афғонларнинг зарарига ишлайди.
Чунки чегара Мортимер Дюранд таклиф этган чизиқ бўйлаб ўтгандан сўнг афғонларнинг пуштун қабиласи яшаб келаётган ҳудуднинг катта қисми Британия қўл остига ўтиб кетади.

Бошқа томондан ўша пайтда дунёдаги энг қудратли давлатлардан бири бўлган Британия империясини музокара столига ўтиришга мажбур қилиш ва ўз мустақиллигини сақлаб қолиш афғонлар учун ютуқ эди.
1917 йилда Россияда Феврал ва Октябр тўнтаришлари бўлиб ўтади. Император Николай Иккинчи аввалига тахтдан қувилади, сўнг қатл этилади. Ҳокимият советлар қўлига ўтади.
Шундан сўнг совет Россияси Марказий Осиёни қўлдан чиқармаслик мақсадида Афғонистонни буфер зона сифатида кўра бошлайди ва бу давлат билан дўстона алоқалар ўрнатишга уринади.
Бошқа томондан инглизлар ҳам Афғонистон орқали Марказий Осиёга кириб келишни режалаштиради ва 1919 йилда афғон ерларига яна ҳужум қилади.
Афғонистон ва Британия ўртасидаги учинчи урушда ҳам афғонларнинг қўли баланд келади. Шундан сўнг Омонуллахон Афғонистонни мустақил давлат деб эълон қилади. Британия афғон ерларига бошқа ҳужум қилмайди

Шу тариқа Афғонистон 20-аср бошларида Эрон, Туркия каби Осиёдаги кам сонли мустақил давлатларнинг бирига айланади.
Советларнинг шармандали мағлубияти
1970-йиллар Афғонистон учун бироз нотинч кечади. 1973 йилда мамлакат раҳбари Зоҳиршоҳ Италияга расмий ташриф билан кетганида, унинг яқин қариндоши, Афғонистон бош вазири Муҳаммад Довуд давлат тўнтаришини амалга оширади ва Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олади. Зоҳиршоҳ Италияда қолади.
Муҳаммад Довуднинг ҳукмронлиги беш йил давом этади. 1978 йил 27 апрелда Афғонистонда яна нотинчлик бошланади. Бу сафар Муҳаммад Довудга қарши исён кўтарилади. Оқибатда у оила аъзолари билан бирга ўлдирилади.
Ҳокимият Нурмуҳаммад Таракий ва Ҳафизуллоҳ Амин қўлига ўтади. Бироқ Афғонистонда уларга қарши бўлганлар ҳам бор эди. Шу сабабли мамлакатда фуқаролар уруши бошланади. Кўп ўтмай Таракий ҳибсга олинади ва қатл этилади.
Шундан сўнг Афғонистондаги сиёсий келишмовчиликка советлар аралаша бошлайди. Ҳафизуллоҳ Амин АҚШ билан дўстона алоқалар ўрнатиш тарафдори эди. Шу сабабли советлар уни йўқ қилиш пайига тушади.
1979 йил кузда советлар Афғонистонга қўшин киритиш бўйича бир тўхтамга келади. Бу ишнинг асосий ташаббускори КГБ раҳбари Юрий Андропов ва мудофаа вазири Дмитрий Устинов бўлгани айтилади.
1979 йил декабр ойи бошларида Афғонистонга КГБнинг “Мусулмон баталёни” деб ном олган бўлинмаси киритилади. 12 декабрда СССР Сиёсий бюроси Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида қарор қабул қилади.

14 декабрда Афғонистонга 345-ҳаво-десант полки ташланади. 16 декабр куни Аминга суиқасд уюштирилади ва у тирик қолади.
23 декабр куни Устинов Афғонистонга қўшин киритиш ҳақидаги директивани имзолайди. Шундан сўнг қуруқликдан ва ҳаводан совет қўшинлари Афғонистонга киришни давом эттиради.
27 декабрда КГБнинг “Мусулмон баталёни” ходимлари афғонча кийиниб, Амин саройига бостириб киради. Шу ерда у ўлдирилади.
Ўша пайтда Амин саройига КГБ махсус бўлинмаси бостириб киргани ҳақида ҳеч қаерда гапирилмайди. Оммага “Афғон халқи Амин саройини забт этди ва уни ўлдирди”, деб маълумот берилади.
Жумладан, “Правда” газетасида “Афғон халқи исён кўтариб, саройга бостириб кирди. Амин ва унинг тарафдорларини ўлдирди” деб ёзиб чиқади. Ўшанда аслида нима бўлгани ҳақида омма СССР парчаланиб кетганидан сўнг хабар топади.
Совет армияси Афғонистонда 10 йил урушади. Бироқ кўзланган мақсадга эришилмайди ва 1989 йилда бу давлатни вайронага айлантириб, шармандаларча тарк этади.
Афғон уруши СССР иқтисодиётининг заифлашувига сабаб бўлади. Чунки шу уруш туфайли Ғарб дунёси СССРга санкциялар эълон қилади.
АҚШ эса нефт экспорт қилувчи давлатларга таъсир ўтказиб, жаҳон бозорида “қора олтин” нархини кескин туширишга муваффақ бўлади.
Оқибатда совет давлати иқтисодиёти заифлашиб боради ва 1980-йилларнинг иккинчи ярмида мамлакатда тақчиллик бошланади. Охир-оқибат 1991 йилда СССР парчаланиб кетади.

АҚШнинг беҳуда уриниши
2001 йил 11 сентябрда АҚШда бир нечта самолёт “Ал-қоида”га алоқадор дейилган террорчилар томонидан эгалланди ва турли биноларга олиб бориб урилади.
Оқибатда Ню Йоркдаги осмонўпар эгиз бинолар қулаб тушади. Пентагон биноси шикастланди. Минглаб одамлар ҳалок бўлади.
Ўшанда АҚШ томони террорчилар Афғонистон ҳудудида тайёргарлик кўрган ва шу мамлакатда паноҳ топган деб чиқади. Сўнг шуни сабаб қилиб 2001 йил октябрда Афғонистонга қўшин киритади.
Кўп ўтмай Афғонистонга АҚШнинг яқин иттифоқчилари бўлган давлатлар армиялари ҳам кириб келади. Ўша пайтда Афғонистонни “Толибон” бошқариб турганди.
АҚШ армияси пойтахт Кобулни ва бошқа йирик шаҳарларни эгаллайди. Толиблар чекка ҳудудларга чекинади ва асосан партизанлик уруши олиб боради.
АҚШ армияси Афғонистонда 20 йил жанг қилди, бироқ “Толибон”ни бутунлай енга олмади. Ўз мақсадига эришмади. Америкаликлар ҳам советларга ўхшаб Афғонистонни вайронага айлантирди ва охирида бу давлатни шармандаларча тарк этди.

Маълумотларга кўра, АҚШ 20 йил давомида Афғонистондаги уруш учун 2,3 триллион доллар ишлатган. Шу муддатда 110 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
2021 йил августда АҚШ армиясининг охирги бўлинмалари Афғонистонни тарк этди. Америка Кобулдаги элчихонани ёпди. Афғонистондаги ҳокимият тўлиғича толиблар қўлига ўтди.
Ўшандан буён Покистон билан чегарада бўлиб турган айрим отишмаларни айтмаганда Афғонистон халқи тинч яшаб келмоқда. Унгача эса бу давлатда 50 йилдан ошиқ вақт давомида тинчлик бўлмаганди.
Мавзуга оид
23:39 / 27.04.2026
Покистон афғон университетини ўққа тутди: 7 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди
22:54 / 27.04.2026
Ароқчи Путинга АҚШ билан музокараларга нима тўсқинлик қилаётганини айтди
08:51 / 27.04.2026
Трамп: эронликлар гаплашишни истаса, олдимизга келиши ёки қўнғироқ қилиши мумкин
11:09 / 26.04.2026