Иқтисодиёт | 17:41
1086
2 дақиқада ўқилади

Эрондаги уруш фонида гигиена воситаларининг нархи ҳам қимматлашяпти

Dove, Axe, Rexona, Domestos, Cif каби брендларга эгалик қилувчи Unilever компанияси яқин вақтларда маҳсулотлари нархини оширади. Бунга асосий сабаб сифатида Яқин Шарқда давом этаётган уруш сабабли хомашё, ишлаб чиқариш ва логистика харажатлари қимматлашгани келтириляпти.

Фото: Bloomberg

Unilever компанияси (Dove, Axe, Rexona, Domestos, Cif каби брендлар эгаси) яқин вақтларда маҳсулотлари нархини оширишини эълон қилди, дея хабар берди Reuters.

Асосий сабаб — хомашё, ишлаб чиқариш ва айниқса логистика харажатлари қимматлашгани. Бу АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик ва минтақадаги вазият билан боғлиқ. Unilever 2026 йил учун савдо ҳажми ва фойда прогнозини сақлаб қолган, бироқ Лондон компанияси раҳбарияти маҳсулот нархларини аста-секин 2–3 фоизга кўтариш ҳақида огоҳлантиряпти. Компания вакилларининг айтишича, йил давомида умумий харажатлар инфляцияси 750–900 миллион еврони ташкил этади, бу дастлабки 350–500 миллион евролик прогноздан анча юқори.

Unilever нафақат гигиена воситалари, балки озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам ишлаб чиқаради. Масалан, Carte D’Or, Cornetto музқаймоқлари, Lipton чойи ва Knorr маҳсулотлари ҳам шу компанияга тегишли.

Reuters Яқин Шарқдаги уруш бошланганидан бери 200 дан ортиқ компания баёнотларини таҳлил қилди. Улардан 36 таси аллақачон можаро сабаб нархларни оширганини маълум қилган — улар орасида Nestlé вa Procter & Gamble каби Unilever рақобатчилари ҳам бор. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид