Ўзбекистон | 18:09
3415
3 дақиқада ўқилади

Президент Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди

Маълумотларга кўра, қутлуғ қадамжо очилганидан сўнг бир ой ичида Имом Бухорий мақбарасини 1 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ва хорижий фуқаролар зиёрат қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Самарқандга ташриф буюрди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, аввало, Имом Бухорий мажмуаси зиёрат қилинди. Буюк ҳадисшунос бобомиз мақбарасида Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Ушбу қутлуғ қадамжо давлат раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорийнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан маънавий меросига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Бу йил Рамазон ҳайити арафасида мажмуа яна зиёратчилар учун эшикларини очиб, 60 мингдан ортиқ юртдошимиз ва хорижлик меҳмонлар ҳайит намозини ушбу қутлуғ қадамжода ўқидилар.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари натижасида Имом Бухорий мажмуаси илгари бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга.

Маълумотларга кўра, қутлуғ қадамжо очилганидан сўнг бир ой ичида буюк муҳаддис бобомиз мақбарасини 1 миллиондан ортиқ юртдошимиз ва хорижий фуқаро зиёрат қилди.

Шавкат Мирзиёев мажмуага ташриф буюрувчиларга янада қулай шароитлар яратиш, ибодатларини адо этишлари, буюк муҳаддис бобомиз мероси билан яқиндан танишишлари учун барча имкониятларни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, мажмуага автотранспортда келувчилар учун тўхташ жойларини кенгайтириш, зиёратчилар сайр қиладиган ҳудудларни янада обод қилиш, уларнинг дам олиши учун табиий ва қулай муҳит яратиш, бу борадаги ишларни доимий таҳлил қилиб бориш, ҳар олти ойда мажмуада зиёратчилар учун яратилган шароитларни ўрганиб, қўшимча чораларни белгилаб бориш муҳимлиги таъкидланди. Бутун юртимиздан имом-хатибларни мажмуага таклиф қилиб, малакасини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Президент зиёрат маданиятини юксалтириш, муқаддас қадамжолар ва мозорларни обод сақлаш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, бундай масканларда келиб-кетувчилар учун муносиб шароит яратиш муҳим эканини, ўтганлар хотирасига ҳурмат руҳини кучайтириш ёш авлоднинг ўзлигини англаши ва маънавий тарбиясида муҳим омил бўлишини таъкидлади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид