Соғлом ҳаёт | 07:12 / 06.05.2026
1387
2 дақиқада ўқилади

2030 йилгача 3 мингдан ортиқ давлат тиббиёт муассасаси лицензияланади

Давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари учун ягона талаблар жорий этилиши тўғрисида президент қарори эълон қилинди. Унда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, энди мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт муассасалари фаолияти ягона талаб ва стандартлар асосида назорат қилинади. Қарор тиббий фаолиятни лицензиялаш ва аккредитациялаш тизимини шаффофлаштириш, уни босқичма-босқич халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган.

Қарорда 2030 йилгача 3 мингдан ортиқ давлат тиббиёт муассасасини лицензиялаш талабларига мослаштириш вазифаси белгиланган. Шунингдек, барча давлат ва хусусий клиникалар учун ягона талаблар ўрнатиш, тиббиёт муассасаларининг ахборот тизимларини ягона стандартлар асосида Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига интеграция қилиш ва тиббий хизматлар сифатини электрон тизим орқали назорат қилиш механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

2026 йил 1 июлдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази” тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли ишчи орган сифатида фаолият юритади. Мазкур марказ лицензия бериш, лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилиш ва аккредитация жараёнларини амалга оширади.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб барча тиббиёт муассасаларида тиббий хизмат сифати устидан ички назорат қилувчи алоҳида тузилма бўлиши лицензия талаби этиб белгиланади.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 апрелдан тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимларини Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига мажбурий ва бепул интеграция қилиш бошланади. Бу орқали тиббий хизматлар сифати ҳамда лицензия талабларига риоя этилиши масофадан туриб электрон назорат қилинади.

Бундан ташқари, 2028 йил 1 апрелдан миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтмаган республика даражасидаги давлат тиббиёт муассасалари ва хусусий клиникалар билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тиббий хизматлар хариди бўйича шартнома туза олмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид