Жаҳон | 14:52
1208
3 дақиқада ўқилади

Ливанда Исроил зарбаси оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

Исроилнинг 9 май куни Ливан бўйлаб йўллаган давомли зарбалари оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлди, деб хабар қилмоқда маҳаллий расмийлар. Бунга жавобан «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроил шимолига ҳамда Исроил қўшинининг Ливан жанубидаги позицияларига ракета ва дронларини учирган.

Фото: Reuters

Исроилнинг сўнгги авиазарбаларининг аксар қисми Ливан жануби бўйлаб берилган. Исроиллик ҳарбийлар Эрон томонидан қўлланадиган қуролли гуруҳларга алоқадор инфратузилмалар ва шахсларни ўққа тутганини айтмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп 16 апрел куни Исроил ва Ливан ҳукуматлари ўртасида оташкесим бўйича келишув тузилганини эълон қилганига қарамай, Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида зарбалар алмашинуви тўхтамаяпти.

Томонлар бир-бирини сулҳни бузишда айбламоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, энг жиддий зарбалар мамлакат жанубида жойлашган Сайда шаҳри яқинидаги Айн-эд-Делб туманига тўғри келган, бу ерда турар жой биноси вайрон бўлиб, ўнлаб кишилар харобалар остида қолган.

«Ҳизбуллоҳ» исроилликларнинг сўнгги зарбаларига жавобан Исроил шимоли бўйлаб дронлар ҳужумини амалга оширди. Шунингдек, Исроил қўшинларининг Ливан жанубидаги позициялари ўққа тутилган. Исроил ҳарбийлари хабар қилишича, бунинг оқибатида уч нафар исроиллик аскар яраланган.

Можаронинг янги босқичи

Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида 2024 йил ноябрида ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишув тузилиб, можаронинг олдинги босқичи якунланганди. Лекин шундан кейин ҳам Исроил вақти-вақти билан «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор нишонлар бўйлаб зарбалар бериб турди.

АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эронга ҳужум қилиб, мамлакат раҳбарияти вакилларини ўлдириши ортидан 2 март куни «Ҳизбуллоҳ»Исроил бўйлаб ракета ва дронлар учирди.

Бунга жавобан Исроил Ливан бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллашга киришди. Март ойи бошида Исроил қўшини яна қуруқлик орқали Ливан жанубига кириб, аҳоли яшаш манзилларини вайрон қилди ҳамда Ливан ичкарисига 10 километр масофадаги ҳудудларни ўз назоратига олди.

Исроил расмийларига кўра, ушбу амалиётдан кўзланган мақсад Исроилнинг шимолий ҳудудларини ҳимоя қилиш учун «Ҳизбуллоҳ»дан холи бўлган хавфсизлик зонасини яратишдир.

Бу ҳудудларда Исроил армиясининг Ғазодаги ҳаракатларини эслатувчи усуллар билан бутун бошли қишлоқлар вайрон қилинган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айрим ҳолатлар ҳарбий жиноятлар таърифига тушиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, сўнгги ҳафта мобайнида Исроил ҳужумлари оқибатида бутун мамлакат бўйлаб 120 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Вазирлик қурбонларни ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакилларига ажратмаган.

Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида март ойи бошида тўқнашувлар қайта бошланганидан буён Ливанда 2 795 киши ҳалок бўлди.

Ўз навбатида, Исроил Ливан жанубидаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида 17 аскаридан айрилган, шунингдек, Исроил шимолига йўлланган зарбалар оқибатида тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид