Жаҳон | 19:09 / 11.05.2026
6943
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзбек асаларилари ортилган юк машинаси бир ойдан бери қидирилмоқда

Юк машинаси апрель ойида Астрахан вилоятидаги чегара пунктидан ўтган, аммо карантин манзилига етиб бормаган.

Фото: Геннадий Черкасов

Россияда Ўзбекистондан кирган, аммо мажбурий карантиндан ўтмаган 1728 та асалари ортилган юк машинаси бир ойдан бери қидирилмоқда.

Канал маълумотларига кўра, юк машинаси апрель ойи бошида Астрахан вилоятидаги чегара пунктидан ўтган. Шундан сўнг машина Курган вилоятидаги қишлоққа карантинга юборилиши керак эди, бироқ у манзилга етиб бормади.

Каналнинг таъкидлашича, олиб кирилган асаларилар учун карантин мажбурий, чунки жанубий ҳудудлардан келган ҳашаротлар «хавфли инфекциялар ва паразитларни» тарқатиши мумкин.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Курган вилоятидаги карантин ҳудуди асалариларни санитария муолажалари учун қабул қилишга тайёр бўлмаган. У ерда асалари уялари ва зарур жиҳозлар йўқ.

Шундан сўнг, жамоатчилик вакиллари «Россельхознадзор»га мурожаат қилди. Шунингдек, асаларичилар томонидан ИИВ ва прокуратурага аризалар юборилган. Ҳозир юк машинаси ва ҳайдовчиси бутун мамлакат бўйлаб қидирилмоқда.

Таъкидланишича, асаларилар касаллик ва паразитларнинг яширин ташувчиси бўлиши, назоратсиз олиб кирилса, маҳаллий асалари оилаларининг оммавий қирилишига олиб келиши ва асал ишлаб чиқаришга хавф туғдириши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид