Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пахта ва буғдой етиштирувчиларга янги молиявий имтиёзлар берилади
Ўзбекистонда пахта ва буғдой етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги молиявий имтиёзлар жорий этилмоқда. Президентнинг янги фармонига кўра, 2026 йил ҳосилидан бошлаб фермерлар ва кластерларга кредит фоизларининг бир қисми давлат томонидан компенсация қилиб берилади.
“Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони (ПФ–82-сон, 2026 йил 8 май) қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил ҳосилидан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан бир қатор кредитлар бўйича фоиз тўловлари компенсация қилинади.
Жумладан, пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоизнинг 2,5 фоизлик пункти қоплаб берилади.
Агар кредитлар ҳосил йили якунигача, яъни 31 декабрга қадар тўлиқ қайтарилса, фоиз тўловларининг 5 фоизлик пункти компенсация қилинади.
Шунингдек, буғдой етиштириш харажатлари учун ажратилган имтиёзли кредитларни ҳосил йилининг 1 августига қадар тўлиқ қайтарган хўжаликларга кредит фоизининг 4 фоизлик пункти қоплаб берилади.
Фармон билан пахта-тўқимачилик кластерлари ва пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳамда ип-калава ишлаб чиқариш занжирига эга тўқимачилик корхоналари учун ҳам қўшимча енгилликлар белгиланди.
Уларга пахта хомашёсини харид қилиш учун ажратилган тижорат кредитлари бўйича тўланган фоиз тўловининг 8 фоиз пунктдан юқори, аммо 16 фоиз пунктдан ошмаган қисми компенсация қилинади.
Мазкур чоралар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг молиявий юкини енгиллаштириш, айланма маблағларини қўллаб-қувватлаш ва соҳада самарадорликни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
18:06 / 01.07.2026
Фермерни сўкаётган ҳокимлар “дух”ни қаердан оляпти?
19:05 / 28.06.2026
“Хоҳлаган экинни экиш мумкин” – Янги тартиб фермерга нима беради?
09:00 / 28.06.2026
Коррупцияга қарши янги қонун ва танқидлар остидаги ҳокимлар — ҳафта дайжести
11:30 / 25.06.2026