Жаҳон | 08:40
1469
4 дақиқада ўқилади

Эроннинг 70 фоиз ракета арсенали сақланиб қолган — NYT

The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШ разведка маълумотлари Эрон ўзининг ҳарбий салоҳиятининг катта қисмини сақлаб қолганини кўрсатмоқда. Бу маълумотлар АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда унинг маъмуриятининг Эрон ҳарбий жиҳатдан “батамом тор-мор этилгани” ҳақидаги баёнотларига зид келади.

Фото: REUTERS

Нашрнинг 12 май куни хабар беришича, Эрон мамлакат ҳудудидаги мобил ракета учириш қурилмаларининг тахминан 70 фоизини ҳамда урушдан олдинги ракета захираларининг 70 фоизини сақлаб қолган.

Маълум қилинишича, ушбу арсеналга минтақа давлатларига зарба бериш имконига эга баллистик ракеталар, шунингдек қисқа масофада ер усти ва денгиз нишонларига қарши қўлланиши мумкин бўлган қанотли ракеталар ҳам киради.

Нашрга кўра, энг катта хавотирлардан бири — Эроннинг Ҳўрмуз бўғози бўйлаб жойлаштирилган 33 та ракета комплексидан 30 тасини қайта жанговар ҳолатга келтирганидир.

Мутахассислар фикрича, ушбу комплекслар Америка ҳарбий кемалари ҳамда Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланувчи нефть танкерлари учун хавф туғдириши мумкин.

Шунингдек, ҳарбий разведка маълумотларига кўра, сунъий йўлдош тасвирлари ва бошқа манбалар Эрон мамлакат бўйлаб жойлашган ерости ракета омборлари ва учириш қурилмаларининг тахминан 90 фоизига қайта кириш имконини тиклаганини кўрсатмоқда.

Ҳозирда улар “қисман ёки тўлиқ жанговар тайёр” деб баҳоланмоқда.

Бунга ўхшаш маълумотларни аввалроқ The Washington Post ҳам эълон қилган эди. Нашр АҚШ разведкасига таяниб, Эрон мобил ракета қурилмаларининг 75 фоизини ва ракета арсеналининг 70 фоизини тиклаганини хабар қилган.

NYT таъкидлашича, янги разведка маълумотлари Трамп ва унинг ҳарбий маслаҳатчилари АҚШ қуролли кучлари Эрон ракета объектларига етказган зарарни ортиқча баҳолаганини кўрсатади.

“Янги разведка маълумотлари Дональд Трамп ва унинг ҳарбий маслаҳатчилари Америка қуролли кучлари Эроннинг ракета объектларига етказиши мумкин бўлган зарарни ошириб кўрсатганини ҳамда Эроннинг чидамлилиги ва тикланиш қобилиятини етарлича баҳоламаганини кўрсатмоқда”, — дейилади мақолада.

Трамп эса 12 май куни ўзининг Truth Social платформасида Эрон билан боғлиқ урушни ёритиш бўйича ОАВни танқид қилди.

У Оқ уй позициясини қўллаб-қувватламаган материалларни “деярли хиёнат” деб атаб, бундай публикациялар душман томонини қўллаётганини айтди.

NYT маълумотига кўра, АҚШ армияси муҳим ўқ-дориларнинг кўп қисмини сарфлаб бўлган. Улар қаторида: Tomahawk қанотли ракеталари, Patriot ҳаво мудофаа тизими ракеталари; Precision Strike ва ATACMS ердан учириладиган ракеталари бор.

Нашрнинг ёзишича, агар Трамп Эроннинг ҳарбий салоҳиятини янада заифлаштириш учун қўшимча зарбалар бериш буйруғини берса, АҚШ янада кўпроқ муҳим ўқ-дориларни сарфлашга мажбур бўлади.

Бу эса Пентагон ва йирик қурол ишлаб чиқарувчилар захираларни тўлдиришда қийналаётган бир пайтда АҚШ захираларини янада қисқартириши мумкин.

Мақолада айтилишича, Вашингтоннинг Европа иттифоқчилари ҳам АҚШ қурол захираларининг камайишидан хавотир билдирмоқда.

Чунки Европа давлатлари Украина учун миллиардлаб долларлик ўқ-дориларга буюртма берган ва энди улар ўз вақтида етказилмаслигидан хавотирда.

Оқ уй расмий вакили Оливия Уолес NYT маълумотларига муносабат билдириб, Трампнинг Эрон ҳарбий салоҳияти “яксон қилинган” деган фикрини яна такрорлади.

Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳукумати “ҳозирги ҳолат барқарор эмаслигини яхши билади”.

Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл эса АҚШ қуролли кучларида “ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур барча имкониятлар мавжуд”лигини билдирди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид