Жаҳон | 09:00
2433
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Эрон ҳужумларига жавоб қайтарган

Саудия Арабистони Эрон томонидан ўз ҳудудига уюштирилган ҳужумларга жавоб сифатида Эронга қарши бир қатор зарбалар берган. Бу ҳақда 12 май куни Reuters агентлиги икки нафар ғарблик ва икки нафар эронлик амалдорга таяниб хабар қилди.

Фото: Xinhua/dpa/picture alliance

Нашр таъкидлашича, бу ҳужумлар ҳақида аввал оммага маълум қилинмаган ва улар Саудия Арабистонининг илк бор Эрон ҳудудида тўғридан тўғри ҳарбий операция ўтказган ҳолати сифатида баҳоланмоқда.

Reuters фикрича, бу ҳолат Ар-Риёднинг минтақадаги асосий рақиби ҳисобланган Эронга қарши мудофаа борасида анча ишончлироқ ҳаракат қила бошлаганини кўрсатади.

Ғарблик амалдорлардан иккисининг айтишича, Саудия Арабистонининг эҳтимолий зарбалари тахминан март ойи охирида амалга оширилган.

Манбалардан бири бу ҳаракатни “Саудия Арабистонининг ўзига қилинган ҳужумларга жавоб қадами” деб атаган.

Reuters маълум қилишича, ҳозирча Саудия Арабистони Эрон ҳудудида қайси объектларни нишонга олганига аниқлик киритилмаган.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли вакили агентлик саволига тўғридан тўғри жавоб бермаган.

Эрон ТИВ ҳам журналистларнинг изоҳ сўровига жавоб қайтармаган.

Саудия Арабистони Яқин Шарқдаги АҚШнинг асосий ҳарбий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади. Мамлакат анъанавий равишда Вашингтоннинг ҳарбий ҳимоясига таяниб келади.

Бироқ Reuters ёзишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши давомида Эрон бир неча бор Америка яратган мудофаа “зонти”ни ёриб ўтишга муваффақ бўлган.

Аввалроқ The Wall Street Journal ҳам манбаларга таяниб, Бирлашган Араб Амирликлари апрель ойи бошида Эронга қарши ҳужумлар уюштирганини хабар қилган эди.

Нашр маълумотига кўра, БААнинг эҳтимолий нишонларидан бири Эроннинг Лаван оролида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводи бўлган.

WSJ ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан бери Эрон БААга қарши жами 2800 та дрон ва ракета қўллаган.

Нашр таъкидлашича, бу кўрсаткич ҳатто Исроилга нисбатан қўлланган ҳужумлардан ҳам юқори ҳисобланади.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид