Иқтисодиёт | 10:52
1913
7 дақиқада ўқилади

Трампнинг Эронга қарши уруши АҚШ иқтисодиётига қандай таъсир қиляпти?

Уруш бошланганидан буён америкаликлар бензин ва дизел учун қўшимча 35 миллиард доллар тўлашга мажбур бўлди. Бу ҳар бир уй хўжалиги учун тахминан 268 доллар ёки бир ҳафталик озиқ-овқат харажатларига тенг. Шунингдек, йил бошида прогноз қилинган фоиз ставкаларининг пасайтирилмаслиги натижасида юзага келадиган иқтисодий йўқотиш тахминан 200 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Фото: REUTERS

Трампнинг Эрон билан уруши АҚШ иқтисодиётига юз миллиардлаб доллар зарар келтирмоқда: ёқилғи нархларининг кескин ўсиши, қарз олиш харажатларининг ошиши ва таъминот занжиридаги узилишлар америкаликлар фаровонлигига жиддий таъсир қила бошлади, деб ёзади Financial Times.

Трамп маъмуриятининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, урушнинг америкалик солиқ тўловчиларига тўғридан тўғри юки 25 миллиард долларга баҳоланганди. Бироқ иқтисодчилар тўлиқ ҳарбий ва кредитлаш харажатларининг ошишини ҳисобга олиб, умумий зарар бундан анча катта бўлишини прогноз қиляпти.

«Эълон қилинган бюджет харажатлари аслида айсбергнинг учи холос», дейди Ҳарвард университети профессори ва АҚШ ҳарбий можароларининг ҳисоб-китоби бўйича мутахассис Линда Билмс. «Бу дарҳол сезилавермайди — бир муддат ямоқлаб туриш мумкин. Лекин молиявий кўлам шунчалик каттаки, буни абадий яшириб бўлмайди». 

Можаро Трампнинг рейтинги аллақачон рекорд даражадаги қуйи кўрсаткичга яқинлашиб қолган бир пайтда бошланди. Кўплаб америкаликлар кун сайин ошиб бораётган нарх-наво сабабли қийинчиликларга учраяпти.

Пентагоннинг 25 миллиард долларлик баҳолаши

Можаро давомида Пентагон қиммат ракеталар ва ҳаво мудофаа тизимларини йиллик захираларидан анча кўп ишлатди ва айнан шу омилни уруш харажатларининг 25 миллиард долларлик баҳосидаги асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида кўрсатяпти.

Мудофаа харажатлари инқироз бошланишидан анча олдин ҳам кескин ўсиб бориши кутилаётганди. Хусусан, Трамп жорий молиявий йил ва 2027 йил оралиғида харажатларни тахминан 50 фоизга ошириб, 1,5 триллион долларга етказиш режаларини эълон қилганди. Бу рақамларда урушнинг таъсири ҳисобга олинмаган. Пентагон Оқ уй орқали Конгрессга қўшимча сўров юборилишини режалаштирмоқда, бироқ миқдор ҳали аниқ белгиланмаган.

«Center for a New American Strategy»тадқиқотлари марказининг мудофаа бўйича мутахассиси Карлтон Хаэлиг келажак учун қўшимча сўровлар «жуда катта пул» эканини ва бу «иқтисодиётда занжирли салбий оқибатлар келтириб чиқаришини» таъкидлаяпти.

35 миллиард долларлик ёқилғи зарари

Урушдан олдин глобал нефт таъминотининг бешдан бир қисми Ҳўрмуз бўғози орқали ўтарди. Бўғоз ёпилиши АҚШда бензин нархини кескин ошириб, 1 галлон учун 4,55 долларга қимматлаштирди. Бу бу G7 мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткич. Шунингдек, саноат учун муҳим хомашё ҳисобланган дизел ёқилғи нархи ҳам ҳар галлон учун 5,66 долларгача кўтарилди ва тарихий рекорд 5,82 долларга яқинлашиб қолди.

Браун университети Уотсон давлат ишлари мактаби маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён америкалик истеъмолчилар бензин ва дизел учун қўшимча 35 миллиард доллар тўлади. Бу ҳар бир уй хўжалиги учун тахминан 268 долларга, яъни бир ҳафталик озиқ-овқат харажатларига тенг.

«HASA’нинг йиллик бюджети атиги 25 миллиард доллар, демак биз аллақачон ўша чегарани ўтиб кетдик», дейди Браун университетининг сиёсий фанлар бўйича профессори Жефф Колган.

Ню Йорк Федерал захира банки томонидан эълон қилинган тадқиқот шуни кўрсатдики, даромад даражаси юқори бўлган уй хўжаликлари бензин сарфини деярли қисқартирмаган бўлса-да, қуйи даромадли хонадонлар иқтисодий зарбага бардош бериш мақсадида автомобилларни биргаликда ҳайдаш ва жамоат транспортидан фойдаланишга ўтиб, истеъмолни 7 фоизга камайтирган.

Ўз навбатида юқори ёқилғи нархлари бир гуруҳ учун жуда ижобий бўляпти — АҚШ нефт ишлаб чиқарувчилари. Улар мисли кўрилмаган ҳажмда экспортни амалга оширишяпти. Хусусан, мартда рекорд даражада – 214 миллиард доллар даромад олган.

Шунингдек, авиация ёқилғиси ҳам 70 фоиздан зиёдроққа қимматлаб, авиабилет нархларининг ошишига сабаб бўляпти ва авиасаноатга кучли босим ўтказмоқда.

Юқори фоиз ставкаларидан 200 миллиард долларлик зарар

Уруш бошланмасидан олдин, инвесторлар Федерал захира тизими жорий йил давомида қарз олиш ставкасини икки марта, чорак пунктдан камайтиришини кутаётганди. Аммо марказий банкнинг ички меҳнат бозоридаги тангликни юмшатишга кўмаклашиш учун тақдим эта олиши мумкин бўлган ҳар қандай ёрдами савол остида қолмоқда: бензин нархларининг ошиши инфляцияни уч йиллик максимум – 3,5 фоизгача кўтарди. Бу таргет кўрсаткич – 2 фоиздан анча юқори ҳисобланади.

Фоиз ставкаларини пасайтириш талабни оширади, инвестиция ва истеъмолчи харажатларини рағбатлантиради ҳамда иқтисодий ўсишни тезлаштиради. Айнан фоиз ставкаларининг пасайтирилмаслиги натижасида юзага келадиган йўқотиш тахминан 200 миллиард долларни ташкил этиши мумкин.

Юқори ставкалар уй-жой харид қилмоқчи бўлган америкаликлар учун ҳам қимматга тушяпти. Жумладан, 30 йиллик ипотека бўйича ўртача ставка айни пайтда 6,37 фоиз. Бу кўрсаткич уруш бошланишидан олдин 5,98 фоиз бўлган. 

«2003 йилда Ироққа кирганимизда, бюджетимизнинг 4 фоизини қарз учун фоиз тўлашга сарфлардик. Ҳозир эса бу 15 фоизга етди», дейди Линда Билмс.

Таъминот занжирларидаги узилишлар

Ню Йорк Федерал захира банкининг глобал таъминот занжири босимларини ўлчашнинг ойлик кўрсаткичи коронавирус пандемиясидан бери энг юқори даражага кўтарилди. Айрим хомашё турлари бўйича тақчиллик белгилари сезила бошлади, дунё бўйлаб металл контейнерлар ташиш харажатлари эса кескин ошди.

«Ҳатто Шимолий Европадан АҚШнинг Шарқий соҳилигача бўлган Трансатлантик йўналишдаги юк ташиш харажатлари феврал ойининг охирига нисбатан 56 фоизга қимматлашди. Инқироз минтақавий даражадан глобал даражага кўчди», дейди юк ташиш маълумотлари бўйича мутахассиси Питер Санд.

Иқтисодчилар дизел ёқилғиси нархининг ошиши озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида сезиларли кўтарилишга олиб келиши учун тахминан олти ой вақт керак бўлади, деб ҳисоблашяпти. Айниқса совитиш ва тезкор етказиб берилиши керак бўлган мева-сабзавотлар, гўшт ва денгиз маҳсулотлари каби тез бузилувчи товарлар нархи биринчи бўлиб ошиши мумкин.

Дизел нархининг ошиши ишлаб чиқариш харажатларига аллақачон таъсир кўрсатаётганининг белгилари мавжуд. Bank of America маълумотларига кўра, март ойида қадоқланган озиқ-овқат ва ичимлик ишлаб чиқарувчи компаниялар харажатлари 7,9 фоизга ошган.

Дизел нархининг босими фермерларнинг ўғит харажатлари ошиши билан янада кучайиши кутилмоқда. Асосан Яқин Шарқда ишлаб чиқариладиган азотли ўғитлар нархи уруш бошланганидан бери 30 фоиздан кўпроққа қимматлашди. Бу эса фермерларнинг ўғитдан камроқ фойдаланишига, натижада келгуси йилда ҳосил ҳажмининг қисқаришига, озиқ-овқат таъминоти камайишига ва нархлар ошишига олиб келиши мумкин.

Иқтисодчилар бу ҳолатни сўнгги йилларда COVID-19 пандемияси, Россия—Украина уруши, бож тарифлари ва иммиграция сиёсатининг меҳнат бозорига таъсири сабаб аллақачон қаттиқ зарба еган сектор учун навбатдаги синов деб баҳоламоқда. Бу омилларнинг барчаси АҚШ истеъмолчилари учун инфляцияни кучайтирган. Сўнгги олти йил ичида озиқ-овқат нархлари қарийб 30 фоизга ошган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид