Жаҳон | 23:19 / 14.05.2026
5522
2 дақиқада ўқилади

Мадуро қамоқда 18 кишилик умумий камерада ўтиргани айтилди

У бўш вақтида телевизор кўради, инглиз тилини ўрганади, кўп китоб ўқийди.

Фото: yahoo.com

2026 йил январда АҚШга олиб кетилган Венесуэла президенти Николас Мадуро бир кишилик камерада эмас, балки Ню-Йоркдаги Metropolitan Detention Center тергов ҳибсхонасидаги 18 кишилик умумий камерада сақланмоқда. Бу ҳақда унинг ўғли Николас Мадуро Герра Der Spiegel нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Йигитнинг сўзларига кўра, дастлаб отаси ёлғиз ўтирган, аммо Пасха арафасида уни умумий камерага ўтказишган. Катта Мадуро қамоқхонада мулоқотда муаммо сезмайди – камерадошларининг ярми испан тилида гаплашади. Шунингдек, у ҳар куни уйига қўнғироқ қилиш имкониятига эга. «Уни бошқа ишга ўтказишганидан бери ҳар куни кечқурун соат еттиларда қўнғироқ қилади», деб тушунтирди Мадуро Герра.

Ўғлининг айтишича, отаси бўш вақтида телевизор кўради, инглиз тилини ўрганади, Инжилни, шунингдек, Amazon орқали юбориладиган китобларни кўп ўқийди: Венесуэла Конституцияси, Симон Боливар асарлари, метафизика, Шекспир ва Эсхил асарлари. Мадуро 20 ёшли набираси (у санъат факультетида ўқийди) ўрганаётган адабиётга ҳам қизиқади.

Оиланинг асосий ташвиши — овқатланиш. «Отам доим тўғри овқатланарди: кўп сабзавот, оз шакар. Ҳозир у асосан углеводлар, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ва жуда кўп туз истеъмол қиляпти», деди Мадуро Герра. Бундан ташқари, ҳибсга олиш пайтида америкалик аскарлар Мадуронинг тиззасини шикастлаган, аммо ҳозир оғриқ унчалик кучли эмас, деди йигит.

2026 йил январь ойи бошида АҚШ Венесуэлада ҳарбий операция ўтказди: атиги 2 соат-у 20 дақиқа ичида Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес махсус кучлар томонидан қўлга олиниб, Америкага олиб кетилди. Уларга наркотерроризм, ноқонуний қурол сақлаш ва гиёҳванд моддалар контрабандаси бўйича айбловлар қўйилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид