Ўзбекистон | 13:37
1343
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни таваллуд куни билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 17 май куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни таваллуд куни билан табриклади.

Давлат раҳбари мулоқотда Қосим-Жўмарт Тўқаевга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, қардош Қозоғистон халқининг тинч-осойишта ҳаёти ва равнақи йўлидаги масъулиятли давлатчилик фаолиятига катта муваффақиятлар тилади.

Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Туркистондаги норасмий саммити ҳамда мазмунли музокаралар юқори даражада тайёрлангани ва ўтказилгани, улар туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги суръат касб этганини алоҳида таъкидлади.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, инвестициявий фаолият, шу жумладан, Халқаро саноат кооперацияси маркази доирасида кенгаймоқда, энергетика, транспорт, экология ва маданий-гуманитар соҳаларда истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилмоқда.

Бўлажак Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи учрашуви ва бошқа механизмлар доирасида янги иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид