Жаҳон | 09:20
1360
3 дақиқада ўқилади

Axios: Куба Россия ва Эрондан жанговар дронлар сотиб олган

Куба 2023 йилдан буён Россия ва Эрондан 300 дан ортиқ жанговар дрон сотиб олган ҳамда улардан АҚШнинг Гуантанамо базаси ва Флоридадаги ҳарбий объектларга қарши фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Axios нашри разведка маълумотларига таяниб хабар берди.

Фото: REUTERS

Нашр маълумотига кўра, Куба Россия ва Эрондан ҳужумкор дронлар харид қилиб, уларни оролнинг стратегик муҳим нуқталарига жойлаштирмоқда. Сўнгги ойда эса Ҳавана Россиядан яна кўпроқ дрон ва ҳарбий техника сўраган.

Axios таъкидлашича, бу маълумотлар АҚШ учун ҳарбий ҳаракатларга асос бўлиши мумкин. Чунки Трамп маъмурияти Кубани “дронлар уруши ривожланаётгани ва Гаванада эронлик ҳарбий маслаҳатчилар борлиги” сабаб миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрмоқда.

Хабарда айтилишича, Куба АҚШнинг Гуантанамо кўрфазидаги ҳарбий базаси, шунингдек, Флорида штатидаги Ки-Уэст шаҳрида жойлашган ҳарбий-денгиз базаси ва кемаларига қарши эҳтимолий ҳужумларни муҳокама қилган.

14 май куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси — МРБ директори Жон Рэтклифф Гаванада Куба ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали амалдорлари билан учрашган.

Куба ҳукумати учрашув давомида орол АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солмаслигини исботловчи далиллар тақдим этилганини билдирган. Шу билан бирга, Ҳавана Вашингтонни Кубани терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқаришга чақирган.

Reuters агентлигига кўра, Рэтклифф Куба расмийларига Дональд Трампнинг хабарини етказган. Унда АҚШ иқтисодий ва хавфсизлик масалалари бўйича музокараларга тайёр экани, бироқ бу фақат “туб ўзгаришлар” шарти билан амалга ошиши айтилган.

Axios маълумотига кўра, Рэтклифф Куба вакилларини ҳарбий ҳаракатлардан огоҳлантирган ҳамда АҚШ санкцияларини бекор қилиш учун “тоталитар ҳукумат ағдарилиши” зарурлигини билдирган.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ Адлия вазирлиги 20 май куни Кубанинг собиқ раҳбари Рауль Кастрога қарши айблов хулосасини эълон қилиши мумкин. У 1996 йилда Майамидан фаолият юритган Brothers to the Rescue ҳуманитар ташкилоти самолётларини уриб тушириш буйруғини берганликда гумон қилинмоқда.

Шунингдек, шу ҳафта АҚШ Кубага қарши янги санкциялар жорий қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Axios қайд этишича, АҚШ ва Куба ўртасидаги муносабатлар 2026 йил январда Венесуэла раҳбари Николас Мадуро АҚШ аралашуви ортидан ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин янада кескинлашган.

Куба Венесуэла нефтига кучли боғлиқ бўлгани сабабли Каракасдаги ҳокимият алмашуви Ҳавана иқтисодиётига жиддий зарба берган.

Январь ойи охирида АҚШ Кубага нефть етказиб берадиган давлатлар товарларига тариф жорий этган. Трамп бу қарорни АҚШ миллий хавфсизлигини “Куба режими таҳдидлари”дан ҳимоя қилиш билан изоҳлаган.

Ҳозирда Кубада ёнилғи захиралари деярли тугагани айтилмоқда. Мамлакатда узоқ давом этувчи электр узилишлари кузатилиб, айрим ҳудудларда блэкаутлар кунига 20–22 соатгача давом этмоқда. Оролда озиқ-овқат ва дори-дармон танқислиги ҳам кучайган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид