Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: Украина бўйича музокараларда Европа иштирок этиши керак
Украина президенти Володимир Зеленский Европа Украина бўйича тинчлик музокараларида иштирок этиши лозимлигини билдирди. Бу ҳақда у Европа кенгаши раиси Антониу Кошта билан телефон орқали мулоқоти давомида айтган.
Фото: REUTERS
Украина президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат 17 май куни бўлиб ўтган ва унда томонлар музокаралар истиқболини батафсил муҳокама қилган.
Зеленский сўнгги вақтларда Европа давлатлари раҳбарлари ҳамда АҚШ вакиллари билан бўлган мулоқотлари ҳақида маълумот берган.
“Биз бир овоздан Европа музокараларда иштирок этиши керак, деган фикрдамиз. Бу жараёнда Европанинг кучли овози ва иштироки бўлиши муҳим. Шунингдек, Европага ким вакиллик қилиши ҳам белгиланиши лозим”, — деди Украина раҳбари.
Суҳбат чоғида Украинанинг Европа Иттифоқига интеграцияси масаласи ҳам муҳокама қилинган.
“Украина музокара кластерларини очишга тайёр”, — деди Зеленский.
Томонлар ушбу масала бўйича алоқалар ва кейинги иш графигини ҳам муҳокама қилган.
Аввалроқ, 7 май куни Британиянинг The Financial Times нашри Европа Иттифоқи етакчилари Россия президенти Владимир Путин билан эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берган эди.
Европа кенгаши раиси Антониу Кошта нашрга берган интервьюсида 27 та ЕИ аъзоси раҳбарлари билан Россия билан мулоқотни қандай ташкил қилиш мумкинлиги юзасидан маслаҳатлашаётганини айтган.
Унинг таъкидлашича, Путин билан музокаралар ўтказиш имконияти мавжуд, аммо ҳозирча Россиянинг жиддий ва самарали музокараларга тайёрлигига оид аниқ белгилар кузатилмаган.
Кошта, шунингдек, Европа Иттифоқи АҚШ олиб бораётган музокараларга тўсқинлик қилмаслигини ҳам қайд этган.
Шу билан бирга, Берлин ва Киев Россия президенти Владимир Путиннинг Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдерни Россия билан музокараларда ЕИ вакили сифатида тайинлаш таклифига қарши чиққан.