Жаҳон | 20:30
1481
2 дақиқада ўқилади

Эстонияга учиб кирган Украина дрони НАТО томонидан уриб туширилди

Украина ушбу ҳолат учун Эстониядан узр сўради ва можарода Россияни айблади.

Фото: TASS/AP/Evgeniy Maloletka

19 май куни эрталаб Украина дрони Эстония осмонида уриб туширилди. Бу кенг кўламли Россия-Украина уруши бошланганидан бери биринчи марта юз берди. Дронни Болтиқ денгизи ҳаво ҳудудини патрул қилиш бўйича НАТО миссиясида иштирок этган Руминия F-16 қирувчи самолётлари уриб туширди.

Украина ушбу ҳолат учун Эстониядан узр сўради. Тегишли постни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий Х ижтимоий тармоғида эълон қилди.

Тихий ҳодиса учун масъулиятни Россияга юклаб, рус ҳарбийлари «Украина дронларини Болтиқбўйи мамлакатларига йўналтиришда давом этаётганини, бунинг учун радиоэлектрон кураш воситаларидан фойдаланаётганини» айтди.

«Москва буни атайлаб қилмоқда - тарғибот кампаниясини кучайтириш билан бир қаторда», деб ёзди Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Тихий, шунингдек, Болтиқбўйи давлатлари ва Финляндия ҳеч қачон Украина дронларининг ўз ҳудуди устидан учишига рухсат бермаганини ва Украина уларга бундай илтимос билан «ҳеч қачон мурожаат қилмаганини» таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид