Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилиши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва тармоқ рақобатбардошлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда қайд қилинишича, айни пайтда Ўзбекистонда “Chevrolet”, “BYD”, “KIA” ва “Hyundai” каби йирик брендлар билан ҳамкорликда 5 та автомобил заводи фаолият юритмоқда. Жорий йилда “Volkswagen”, “Foton” ва “JAC” заводлари ишга туширилиши режалаштирилган.
Соҳа атрофида янги кооперация занжирлари шаклланиб, 10 мингдан ортиқ ёшлар замонавий технологиялар асосида ишламоқда. 300 дан зиёд корхона “Chevrolet”, 40 га яқин корхона “KIA” ва “BYD” учун бутловчи қисмлар етказиб бермоқда.
Тақдимотда автомобилсозликда ишлаб чиқариш ҳажмини ва банд бўлганлар сонини 1 миллионтага етказиш масалалари кўриб чиқилди.

Тақдимотда “Volkswagen” автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида ахборот берилди. Режага кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳрида йирик узелли ишлаб чиқаришни бошлаш кўзда тутилган. Кейинги босқичда Ангрен эркин иқтисодий зонаси ҳудудида тўлиқ циклда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт бозорларига чиқиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Volkswagen — немис автомобил гиганти, дунёдаги энг йирик концернлардан бири. 1937 йилда ташкил этилган. Volkswagen, Audi, Porsche, Skoda, Seat, Bentley, Lamborghini ва бошқа брендлар остида автомобиллар ишлаб чиқаради.
Бугунги глобал вазият автомобилсозлик соҳасига сезиларли таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шу боис, технологик мустақилликни таъминлаш, инновацияларни жорий этиш ва экспорт ҳамда логистика чекловларига камроқ боғлиқ бўлган рақобатбардош миллий маҳсулотлар яратиш вақти келгани таъкидланди. Шу мақсадда “Ўзавтосаноат” АЖ тизимида Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти ривожлантирилиши белгиланди.

2026 йил якунига қадар халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Президент автомобилсозлик саноати мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири эканини таъкидлаб, соҳада рақобатни кучайтириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, миллий муҳандислик мактабини ривожлантириш юзасидан аниқ топшириқлар берди.
Мавзуга оид
22:15 / 18.05.2026
Шавкат Мирзиёев Сербия президенти билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
22:08 / 18.05.2026
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
14:01 / 18.05.2026
Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форуми очилишида иштирок этди
20:25 / 17.05.2026