Ўзбекистон | 11:49
4262
3 дақиқада ўқилади

5 минг сўмлик колбасалар: огоҳлантириш ва жарима етарли чорами?

Тошкентда 5 минг сўмлик колбасалар сотувга чиқди. СЭС бу маҳсулотлар таркиби, ишлаб чиқарувчиси ва хавфсизлиги номаълумлигини айтди. Сотувчилар икки марта огоҳлантирилиб, жарима қўлланган ва катта миқдордаги маҳсулотлар йўқ қилинган. Аммо маҳсулот қаерда, қанақа шароитда, қандай масаллиқлардан тайёрланганини аниқлаш ва унинг инсон саломатлигига таъсирини баҳолаш бўйича тезкор чоралар кўрилмади.

Фото: Видеодан кадр

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 5 минг сўмдан сотилаётган колбаса маҳсулотлари акс этган видеолар тарқалди. Унда колбасалар очиқ шароитда (совиткичли дўконда эмас), келиб чиқиши ва таркиби номаълум ҳолда сотилаётганини кўриш мумкин.

Гўшт нархидан келиб чиқилса, 5 минг сўмлик “колбаса”нинг қандай маҳсулот экани ҳақида савол пайдо бўлади.

Арзон колбасалар одатда қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган қопларда сотилмоқда. Видеолардан бирида сотувчи бу маҳсулотдан “ҳар куни мингтадан ошиқ” етказиб берилаётганини айтади.

Kun.uz ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиология қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан боғланди. Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, колбаса таркиби номаълум. Маҳсулот сифати тасдиқланмаган, уларнинг таркиби, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддати бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас.

СЭСга кўра, санитария талаблари бўйича маҳсулот қадоғида ишлаб чиқарувчи, таркиб, сақлаш шароити ва яроқлилик муддати каби маълумотлар бўлиши шарт. Бу маълумотларсиз маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланади ва инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин.

Санитария қоидаларига кўра, маҳсулот қадоғида тўлиқ маълумотлар кўрсатилмаган бўлса, бу унинг истеъмолга яроқсиз эканлигини билдиради. Чунки унинг таркиби ва тайёрланиш шароити номаълум саналади. Маҳсулотнинг келиб чиқиши, сақлаш шароити ва хавфсизлиги бўйича ҳеч қандай кафолат бўлмаса, бу аҳоли саломатлиги учун хавфли ҳисобланади. Айниқса, ҳаво ҳарорати юқори бўлган мавсумда гўшт ва колбаса маҳсулотларини санитария талабларига риоя қилмасдан сақлаш турли заҳарланишлар ва инфекцион касалликларга сабаб бўлиши мумкин”, – дейилади бошқарма изоҳида.

Маълум қилинишича, колбаса сотувчилари икки марта огоҳлантирилган ва уларга нисбатан жарима чоралари қўлланган. Катта миқдордаги колбаса маҳсулотлари йўқ қилинган.

Бироқ бу ерда муҳим саволлар очиқ қолган: агар маҳсулот ҳақиқатан инсон саломатлиги учун хавфли бўлса, нега СЭС фақат огоҳлантириш ва жарима билан чекланди? Нега маҳсулот намуналари зудлик билан лаборатория текширувидан ўтказилиб, таркиби бўйича расмий хулоса эълон қилинмади?

Видеоларда кўриш мумкинки, бу колбасалар харидорлар томонидан кўплаб сотиб олиняпти, аллақачон истеъмолга тарқалиб улгурди. Озиқ-овқат хавфсизлигида эса вақт ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бундай ҳолатларда маҳсулотни савдодан зудлик билан олиб ташлаш, уни экспертизадан ўтказиш ва натижаларни жамоатчиликка ошкор қилиш кутилган чоралардан ҳисобланади.

Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология бошқармаси эса мазкур ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига аралашиш билан боғлиқ ҳуқуқий жиҳатлар мавжудлигини, айни пайтда бу масала Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда ўрганилаётганини, вазият юзасидан натижалар маълум қилинишини билдирди.

Маълумот учун, 13 май ҳолатига Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўшти 129–140 минг сўм атрофида, товуқ гўшти эса 35–39 минг сўм атрофида сотиляпти.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид