Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таиланд сайёҳлар учун визасиз режим қоидаларини кучайтирмоқда
Янги тартиб Таиландда қисқароқ қолиш муддатлари ва визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сонини камайтиришни ўз ичига олади.
Пхукет ороли соҳиллари / Фото: iStock
19 май куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан маъқулланган қарордан сўнг Таиланд чет эллик сайёҳлар учун визасиз режим қоидаларини кучайтирмоқда. Reutersʼнинг Таиланд ташқи ишлар вазирлиги расмийсига таяниб ёзишича, бу қисқароқ қолиш муддатлари ва визасиз кириш ҳуқуқига эга мамлакатлар сони камайишини ўз ичига олади.
Хусусан, янги қарорга кўра, 93 та давлат учун амал қилиб келинган 60 кунлик визасиз режим бекор этилади. 30 кунлик визасиз режим ўз кучида қолади. 30 кунлик визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатлар ёки ҳудудлар сони ҳам 57 тадан 54 тага қисқартирилади. ТИВ расмийси рўйхатдан чиқариб ташланадиган учта давлат номига аниқлик киритмади.
BBC нашрининг ёзишича, эндиликда сайёҳларнинг қанча муддат қолиши мумкинлиги ҳар бир давлат билан алоҳида келишувга қараб белгиланади. Кўпчилик учун бу муддат 30 кундан ошмайди. Ундан кўпроқ қолмоқчи бўлганлар виза олишга мажбур бўлади.
Ушбу чоралар мамлакатнинг расмий – Тай қироллик газетасида эълон қилинганидан кейин 15 кун ичида кучга киради.
Расмийларга кўра, ўзгаришлар қатор омиллар: ўзаро тенглик принципи, хавфсизлик масалалари ва қоидаларнинг бир-бирини такрорлаши каби муаммоларни ҳал қилиш мақсадида амалга оширилган.
«Чунки бир нечта визасиз режим схемалари сайёҳлар ўртасида чалкашликларни келтириб чиқараётганди», дея консуллик расмийси сўзларини келтирмоқда Reuters нашри. У айнан қандай чалкашликлар эканига батафсил тўхталмади.
Миллионлаб сайёҳлар ва хавфсизлик
Осиёнинг энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири бўлган Таиланд 2019 йилда ўзининг энг юқори чўққисида чиққан – қиролликка 40 миллион сайёҳ келганди. Туризм – мамлакатда иш ўринларининг асосий манбаи ва иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади.
Шу боис Таиланд пандемиядан кейин иқтисодиётни рағбатлантириш ва туризмни ривожлантириш мақсадида визасиз келиши мумкин бўлган мамлакатлар сонини кенгайтириб, қолиш муддатини ҳам узайтирди. Хусусан, 2024 йилда 93 та давлат учун 60 кунлик визасиз режим жорий қилинганди.
Туризм вазирлигига кўра, жорий йил 1 январдан 17 майгача бўлган даврда мамлакатга келган сайёҳлар сони 12,9 миллион кишини ташкил этган. Таиланд жорий йилда 32 миллион хорижий сайёҳ келишини кутмоқда, бу ўтган йилги қарийб 33 миллионлик кўрсаткичдан бироз камдир.
Бироқ расмийлар узоқ муддат қолиш имконияти – қоидабузарликларга йўл очгани, баъзи сайёҳлар мамлакат ҳудудида ноқонуний фаолият билан шуғулланаётганидан хавотир билдирмоқда.
Маҳаллий тадбиркорлар ҳам айрим сайёҳлар узоқ муддат ишлашга қолиб, бизнесга зарар келтираётганидан нолиган. Шу каби қатор омиллар боис юқоридаги чоралар қўлланмоқда.
Ўзбекистонга ҳозирча хабарнома келмади
Сўнгги йилларда МДҲнинг кўплаб давлатлари, хусусан Ўзбекистондаги сайёҳлик фирмалари ҳам Таиланд йўналишида турлар таклиф қилмоқда. Ўн минглаб юртдошларимиз 2024 йилдан Ўзбекистон учун ҳам визасиз режим ўрнатилган ушбу мамлакатга саёҳат қилмоқда.
Kun.uz Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб, янги виза қоидалари борасида маълумот сўради. ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг Kun.uz’га маълум қилишча, бу борада вазирликка ҳозиргача расмий мурожаат келиб тушмаган.
“Таиланд ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала юзасидан барча манфаатдор давлатларни расмий равишда хабардор қилиши лозим. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мазкур масала бўйича ҳеч қандай расмий мурожаат ёки билдиришнома келиб тушмаган”.
Шунингдек, Омонулла Файзиев Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режим шартлари ўзгариши ҳақида расмий маълумот келиб тушган тақдирда, бу ҳақда қўшимча тушунтириш берилишини билдирди.
Мавзуга оид
10:21 / 30.04.2026
Бедарак кетган футбол жамоаси – ғорда қамалиб қолган болалар қандай қутқарилганди?
10:39 / 24.04.2026
Дунёдаги опий ва героин энг кўп тайёрланадиган жой — гиёҳванд моддалар макони бўлган Олтин учбурчак
12:05 / 20.04.2026
Бедарак йўқолган мовий олмос – таиландлик хизматчи Саудия қироллик оиласининг бойликларни қандай ўғирлаганди?
11:03 / 19.03.2026