Ўзбекистон | 11:44
2509
2 дақиқада ўқилади

“Талафотлар дрон орқали ўрганиляпти” – Навоийда сел оқибатлари

Хатирчи туманида тезкор штаб тузилиб, 24 соатлик режимда навбатчилик ташкил этилган. Аҳолидан дам олиш мақсадида тоғли ҳудудларга вақтинча чиқмай туриш сўралмоқда.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоий вилоятида сел ҳодисаси оқибатларини бартараф этиш мақсадида махсус штаб тузилди. Ҳозирда навбатчилик ташкил қилиниб, ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятнинг 3 та туманидаги айрим ҳудудларда сел келди. Айниқса, Хатирчи туманида талафотли бўлди: сой ўзанига сиғмаган сел машиналарни оқизиб кетди, уйларнинг томорқаларигача кириб бориб, зарар етказди.

Хусусан, туманнинг Қорача, Қуччи, Лангар, Ангидон, Олтинсой ва Майдон маҳаллаларида эвакуация ишлари ташкил этилиб, махсус техникалар жалб қилинган. Аҳоли хонадонлари ва томорқаларида тўпланиб қолган сув махсус техникаларда тортиб олиняпти.

Кечанинг ўзида ишлар бошланди. Вилоятдан қўшимча кучлар жалб этилди. Сел оқибатларини бартараф этиш мақсадида махсус техникалар ишлаяпти. Бузилган йўл ва кўприклар тез фурсатда тикланади. Ишлар шахсан вилоят ҳокими назоратида. Дрон орқали талафотлар аниқланяпти”, дейди ҳокимлик матбуот котиби.

Хатирчи тумани ҳокими Умид Адизов аҳолига мурожаат билан чиқиб, сел оқибатларини бартараф этишда бирлашишга чақирди. Ҳокимнинг билдиришича, сел келиш хавфи бўлган ҳар бир маҳаллага тегишли масъуллар бириктирилган.

21 май куни Хатирчи туманида кучли сел келиб, 4 та сой яқинида яшовчи аҳоли вақтинчалик хавфсиз ҳудудга кўчирилганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид