Жамият | 08:20
2279
2 дақиқада ўқилади

Бухорода соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцион схема фош этилди

Бухоро вилоятидаги туманлардан бирида соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари давлат харидлари ва рағбатлантириш маблағлари билан боғлиқ коррупцион ҳолатларда гумон қилиниб, тезкор тадбир давомида ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Маълум бўлишича, жорий йилда туман соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда дори-дармон ва тиббий буюмлар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ ўртасида 1 млрд 2 млн сўмлик шартнома тузилиб, тиббий буюмлар харид қилинган.

Шартнома маблағининг 30 фоизи аввалдан МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилган. Кейинчалик эса туман соғлиқни сақлаш бўлими мудири қолган 70 фоиз маблағни ажратиш, шунингдек, келгусидаги харидларни ҳам айнан ушбу МЧЖ орқали амалга ошириш эвазига маҳсулотлар умумий қийматининг 15 фоизи — 150 млн сўм миқдорида “улуш” талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган маблағнинг бир қисми — 11 800 АҚШ долларини турмуш ўртоғи орқали олган вақтида қўлга олинган.

Kun.uz манбаси ҳолат Ғиждувон туман соғлиқни сақлаш бўлимида содир бўлганини маълум қилди.

Тергов давомида яна бир ҳолат аниқланган. Унга кўра, мансабдор шахс тумандаги оилавий поликлиникалар ходимларига ярмини қайтариш шарти билан жами 448 млн сўм рағбатлантириш пули ажратган ва ушбу маблағнинг 92 млн сўмини қайта йиғиб олган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг пора олиш, пора бериш ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишга оид моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид