Жаҳон | 08:52
919
2 дақиқада ўқилади

Киевдаги “Чернобиль” музейида ёнғин юз берди

Россиянинг Киевга уюштирган навбатдаги оммавий ҳужуми натижасида Украинадаги миллий “Чернобиль” музейи жиддий зарар кўрди. Ҳужум оқибатида музей экспонатларининг тахминан 40 фоизи йўқ қилинган.

Фото: УНІАН

Украина ОАВ маълумотига кўра, 24 майга ўтар кечаси содир бўлган ракета ва дрон ҳужуми чоғида музей биносига зарар етган. Ҳодисадан сўнг музей вақтинча фаолиятини тўхтатган.

Украина Ички ишлар вазирлиги билдиришича, зарба оқибатида музей ичида ёнғин чиққан ва осма шифтнинг бир қисми қулаб тушган. Шу билан бирга, қутқарувчилар ва музей ходимлари бир қатор қимматли экспонатларни сақлаб қолишга муваффақ бўлган.

Жумладан, украин рассоми Мария Примаченконинг картинаси ҳамда 2022 йилда Чернобиль АЭС деоккупация қилингач ўрнатилган Украина байроғи эвакуация қилинган.

Маълум қилинишича, миллий Чернобиль музейи фақат апрель ойи охирида кенг кўламли реставрациядан кейин қайта очилган эди.

Украина маданият вазири Татьяна Бережнаянинг айтишича, мазкур ҳужум уруш бошланганидан бери Киевда маданий муассасаларга етказилган энг йирик зарарлардан бири бўлган.

Ҳужум натижасида Украина Миллий бадиий музейи, Миллий филармония, Миллий мусиқа академияси, Ярослав Мудрий номидаги кутубхона ва Киев операси ҳам зарар кўрган.

Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, Россия армияси Украина бўйлаб 90 та ракета ва 600 та дрон учирган. Асосий нишонлар Киев ва Киев вилоятидаги Бела Церковь шаҳри бўлган.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳужумдан кейин Россия раҳбариятини қаттиқ танқид қилиб, “оддий уйлар ва фуқаролик объектларига зарба беришда давом этаётганини” айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид