Молия | 09:04
635
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда айрим халқаро лойиҳалар ҚҚСдан озод этилиши мумкин

Ўзбекистонда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида амалга ошириладиган айрим лойиҳалар учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича янги имтиёзлар жорий этилиши мумкин.

Фото: iStock

Бу ҳақда “Халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган лойиҳалар бўйича солиқ солишнинг алоҳида тартиби белгилангани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Ҳужжатга кўра, давлат ташқи қарзи ҳисобидан молиялаштириладиган ҳамда халқаро молия институтлари иштирокида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товар ва хизматлар ҚҚСдан озод қилиниши мумкин.

Лойиҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида ҚҚСни ҳисоблашнинг янги тартибини жорий этиш назарда тутилган.

Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳалар қатнашчиларига ўз хоҳишига кўра ҚҚС бўйича имтиёзлардан воз кечиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда. Бунда имтиёзлар лойиҳанинг бутун даври ёки маълум бир муддат учун бекор қилиниши мумкин.

Қонун лойиҳасида сув таъминоти ва канализация соҳасидаги айрим лойиҳалар учун ҚҚС имтиёзларини 2028 йил 1 январгача сақлаб қолиш таклифи ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, техник кўмак ва грант лойиҳалари доирасида харид қилинадиган товар ва хизматларни ҳам ҚҚСдан озод этиш кўзда тутилган.

Ҳужжатда белгиланишича, янги қонун 2026 йил 1 августдан кучга кириши режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид