Жаҳон | 11:16
2456
2 дақиқада ўқилади

Талабалар босими ортидан Эрдўған қарорини ўзгартирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулдаги хусусий Бильги университетини ёпиш ҳақидаги қарорини бир неча кундан сўнг бекор қилди. Бу қарор талабаларнинг оммавий норозилик намойишларидан кейин қабул қилинди.

Фото: REUTERS

Университет фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги фармон 21 май куни имзоланган бўлса, 24 май куни мазкур қарорни бекор қилиш тўғрисидаги янги фармон мамлакатнинг расмий ҳукумат нашри — Resmi Gazetteʼда эълон қилинди.

Расмий изоҳда университетни ёпиш қарори олий таълим тўғрисидаги қонуннинг университетлараро кенгаш фаолиятини тартибга солувчи 11-моддаси билан асослангани айтилган. Айрим оммавий ахборот воситалари эса ушбу қонун хусусий олийгоҳ таълим сифати етарли эмас деб топилган ҳолларда уни ёпиш имконини ҳам беришини таъкидламоқда.

Аввалроқ талабаларни давлатга қарашли Мимар Синан номидаги Санъат университетига ўтказиш режалаштирилган эди. Шунингдек, университетнинг таъсисчи жамғармаси ташқи бошқарувга ўтказилгани маълум қилинган.

Қарор эълон қилингач, университет талабалари ва айрим ўқитувчилар бир неча кун давомида норозилик акциялари ўтказди. Хусусан, 24 май куни кампус ҳудудида бўлиб ўтган митингларда мингга яқин киши қатнашган. Ўнлаб талабалар университет биносини эгаллаб олган, кейинчалик улар полиция томонидан чиқариб юборилган.

BBC Turkish хизмати маълумотига кўра, университетни ёпиш қарори 2025 йил сентябридан буён Can Holding холдингига нисбатан олиб борилаётган фирибгарлик ва солиқдан бўйин товлаш бўйича тергов билан боғлиқ бўлган. 120 дан ортиқ компанияни бирлаштирган мазкур холдинг 2019 йилдан бери университетни молиялаштириб келган. Ҳозирда холдинг таркибидаги компаниялар давлат назоратига ўтган.

1996 йилда ташкил этилган Бильги университетида ҳозирда 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Университетда саккизта факультет ва 150 дан зиёд таълим дастурлари мавжуд. Олийгоҳ Erasmus талабалар алмашинув дастурида ҳам иштирок этади.

Бу Туркияда университетларни ёпиш билан боғлиқ илк можаро эмас. 2020 йилда ҳам Эрдўған қарори билан Истанбул шаҳар университети ёпилган эди. Ўша пайтда университет молиявий қийинчиликлар сабаб фаолиятини давом эттира олмаслиги айтилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид