Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чирчиқда қаровсиз ҳайвонлар учун йирик бошпана қурилади
4 минг бош ҳайвонни сақлаш имкониятига эга питомник ҳудудида ветеринария пункти, карантин зоналари ва изоляция хоналари ташкил этилади.
Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 4 минг бош қаровсиз ҳайвонни сақлашга мўлжалланган янги парваришхона (питомник) қурилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Чирчиқ шаҳрида қаровсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Питомник ҳудудида ветеринария пункти, карантин зоналари ва изоляция хоналари ташкил этилади. Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасининг Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими штат бирлигини 2 тадан 15 тага оширилади.
Ҳайвонларни тутиш бўлими қаровсиз ҳайвонларни тутиш, ташиш, вақтинча сақлаш ҳамда уларга ветеринария хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Шунингдек одамлар ва ташкилотларга тегишли уй ҳайвонларини парваришлаш, стерилизация, вакцинация қилиш ҳамда уларни чиплаш бўйича пулли хизматларни кўрсатади.
Шу билан бирга, ҳайвонларни ҳисобга олишнинг ягона электрон реестри юритилади, ҳар бир ҳайвонга идентификация воситаси жорий этилади. Қаровсиз ҳайвонлар сонини қисқартириш (крематорий, стерилизация, кастрация ва бошқалар) бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури амалга оширилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, волонтёрлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хайрия маблағлари ва грантлар жалб этилади.
2026 йилда питомникни қуриш, жиҳозлаш, унинг атрофини ободонлаштириш, фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонларни тутиш бўлимига ажратилган қўшимча 13 штат бирликларини сақлаш — Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан, ҳайвонларни тутиш бўлими учун 2 та махсус автотранспорт воситалари, кийим-кечак ва зарур тутиш анжомларини харид қилиш — Чирчиқ шаҳри маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бир ой муддатда питомникни қуриш, жиҳозлаш, унинг атрофини ободонлаштириш, фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонларни тутиш бўлимига ажратилган қўшимча штат бирликларини сақлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан Чирчиқ шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига 8 миллиард сўм ажратади.
Ҳозир Чирчиқ шаҳридаги Маърифат маҳалласи ҳудудида қаровсиз қолган ҳайвонларни сақлаш питомниги фаолият олиб бормоқда. 2024 йилдан бошлаб питомник ташқи бошқарувга берилган. Унда асосан кўнгилли ишчилар (волонтёрлар) меҳнат қилади.
Мавзуга оид
10:25 / 18.06.2026
Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш бўйича ДХШ битими имзоланди
11:35 / 17.06.2026
Тошкент дунёнинг энг тез ўзгараётган шаҳарлари қаторига кирди
09:30 / 16.06.2026
Чирчиқ бўйида янги ишбилармонлик ва дам олиш ҳудуди ташкил этилади
16:28 / 13.06.2026