Жаҳон | 09:05 / 29.05.2026
2331
2 дақиқада ўқилади

Швеция Украинага Gripen қирувчи самолётларини беради

Швеция ва Украина ҳаво мудофааси соҳасида янги келишув имзолади. Унга кўра, Стокҳольм Киевга 16 та Gripen қирувчи самолётини бепул тақдим этади, шунингдек, Украина яна 20 та замонавий самолёт сотиб олади.

Фото: REUTERS

28 май куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Швецияга ташрифи доирасида икки давлат ҳаво мудофааси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича келишувни эълон қилди.

Швеция ҳукумати маълумотига кўра, Украина Европа Иттифоқи кредити ҳисобидан 2,5 миллиард евро ажратиб, Gripen қирувчи самолётларининг энг янги модификацияларидан 20 тагача харид қилади.

Шу билан бирга, Швеция Украинага аввалги авлодга мансуб 16 та Gripen самолётини бепул беради. Мамлакат бош вазири Ульф Кристерссоннинг билдиришича, ушбу самолётларни етказиб бериш 2027 йил бошида бошланади.

Унинг таъкидлашича, мазкур қарор Швеция учун тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Украинанинг ҳаво мудофааси имкониятларини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.

Янги Gripen самолётларини етказиб бериш эса 2030 йилдан бошланиши режалаштирилган. Владимир Зеленский икки давлат ўртасида 2025 йил октябрида имзоланган ҳадли келишув доирасида назарда тутилган 150 та қирувчи самолётнинг барчасини харид қилишга умид билдирган.

Швеция Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётган асосий давлатлардан бири ҳисобланади. Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери Стокҳольм Киевга қарийб 12 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид